Судя ва унинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш йўлга қўйилиши мумкин

Kecha 19:252 daqiqa

Президент судя ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилишни йўлга қўйиш, суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган комплаенс назорат тизимини жорий этиш борасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлади.

Судя ва унинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш йўлга қўйилиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев 12 феврал куни Судялар олий кенгаши раисининг ахбороти билан танишди. Унда қайд қилинишича, суд мустақиллигини таъминлаш, судяларни ташқи босимлардан ҳимоя қилиш учун Судялар олий кенгаши бевосита масъул ҳисобланади.

2025 йил сарҳисоби

Таъкидланишича, 2025 йил 59 нафар судянинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган, жумладан, судялик қасамёдини бузгани ҳамда Судялар одоби кодекси талабларига риоя этмагани учун 19 нафар судя лавозимидан озод этилган, 3 нафар судя жиноий жавобгарликка тортилган, 58 нафар судянинг лавозимлари пасайтирилган. Судялик ваколати муддати тугаган 33 нафар судя навбатдаги судьялик лавозимига нолойиқ деб топилди ҳамда 266 нафар судя интизомий жавобгарликка тортилган.

Ўтган йилда суд фаолиятига аралашганлик ҳолатлари бўйича Бош прокуратурага 5 та тақдимнома киритилган. Кенгашнинг расмий веб-сайтида судья дахлсизлиги бузилганлиги юзасидан тезкор хабар юбориш имкони яратилдган.

Судялар дахлсизлигини ҳимоя қилиш чоралари

Судялар дахлсизлиги ва мустақиллигини таъминлаш доирасида ҳудудий судлар раислари томонидан чиқарилган 6 мингдан ортиқ буйруқ ўрганилиб, 231 та буйруқда 314 нафар судяларга нисбатан одил судлов билан боғлиқ бўлмаган вазифалар юклатилгани аниқланган ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўрилган.

Шу боис, судяни ўзига хос бўлмаган вазифалардан озод этиш мақсадида суд аппарати ходимлари билан ишлаш, моддий-техник таъминот ва барча ташкилий ишларга масъул бўладиган «суд маъмурчилиги» институтини ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажриба ўрганилади.

Янги ташаббуслар

Судялар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш борасида Судялар интизомий ҳайъатини ташкил этиш орқали судьяга нисбатан интизомий жазо қўллашнинг холис тартибини яратиш таклиф қилинди.

Судя ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилишни йўлга қўйиш, суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган комплаенс назорат тизимини жорий этиш, суд аппарати ходимларини ишга олишнинг очиқ тартибини яратиш каби ташаббуслар илгари сурилди.

Бундан ташқари, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати доирасида суд тизимида ҳам гендер тенгликни таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. Жумладан, яқинлашиб келаётган 10 март – Халқаро аёл судялар кунини нишонлаш бўйича режалар белгилаб олинди.

Президент билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, суд ҳокимияти мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш йўналишидаги тизимли чора-тадбирларни изчил давом эттириш юзасидан бир қатор тавсиялар берди.

Teglar

Mavzuga oid