Logo

Сунъий интелект бой давлатларга хизмат қилаётган вақтда, камбағаллар қарзга ботмоқда — Жаҳон банки ҳисоботи

2010 йилдан буён ривожланаётган мамлакатларда давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 40 фоизидан 70 фоизигача ошган.

Сунъий интелект бой давлатларга хизмат қилаётган вақтда, камбағаллар қарзга ботмоқда — Жаҳон банки ҳисоботи

Жаҳон банкининг «Глобал иқтисодий истиқболлар» ҳисоботида ривожланаётган иқтисодиётларнинг келгуси ўн йилликдаги ўсиш истиқболларига баҳо берилди.

Унда Жаҳон банки бош иқтисодчиси Индермит Гилл иқтисодий ўсишни тезлаштириши мумкин бўлган учта асосий омилни санаб ўтди.

Улар қаторига минтақавий савдонинг кенгайиши, тоза энергия технологияларининг ривожланиши ва сунъий интеллект инқилоби киритилган.

Бироқ мутахассис сунъий интеллект соҳасидаги имкониятлар асосан ривожланган давлатлар манфаатига хизмат қилаётганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, дунё бўйича маълумотлар марказларининг чорак қисмидан ҳам камроғи ривожланаётган мамлакатларда жойлашган.

Технологик тафовут хавфи

Индермит Гиллнинг таъкидлашича, сунъий интеллект моделларини ўқитишда фойдаланиладиган маълумотлар базаларида дунё аҳолисининг қарийб ярми мулоқот қиладиган тиллар етарли даражада қамраб олинмаган.

«Агар бундай камчиликлар бартараф этилмаса, сунъий интеллект инқилоби бой ва камбағал давлатлар ўртасидаги тафовутни қисқартириш ўрнига янада кенгайтириб юбориши мумкин», — деди у.

Қарз юки ортиб бормоқда

Ҳисоботда давлат қарзининг ўсиши ҳам асосий хавфлардан бири сифатида кўрсатилган. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2010 йилдан буён ривожланаётган мамлакатларда давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 40 фоизидан 70 фоизигача ошган.

Шу билан бирга, «Development Finance International» тадқиқотига кўра, G77 гуруҳига кирувчи давлатлар ҳар йили қарз мажбуриятларини бажариш учун 8 триллион доллар сарфламоқда. Бу мазкур мамлакатлар давлат харажатларининг 35 фоизини ташкил этади.

Teglar

Mavzuga oid