Сурхондарёда марказлашган ичимлик суви қамрови 67,5 фоизга етди
287 миллион долларлик мега лойиҳа натижасида ўнта туман ва Термиз узлуксиз сифатли сув билан таъминланмоқда.

Сурхондарё вилоятида марказлашган ичимлик суви қамрови 67,5 фоизга етди. Бу кўрсаткич саккиз-тўққиз йил аввал 47 фоизни ташкил этган эди. Ўсиш 287 миллион долларлик йирик инфратузилма лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида Тўпаланг сув омбори сувидан фойдаланиш асосида амалга оширилган лойиҳанинг амалий натижалари билан танишди. Лойиҳа орқали минералларга бой ичимлик суви вилоятнинг ўнта тумани ва Термиз шаҳрига узлуксиз етказиб берилмоқда.
Сувни насосларсиз узатиш имконияти яратилди
Техник жиҳатдан асосий ютуқлардан бири 246 километр магистрал ва ички тармоқ қурилганидир. Гидравлик ҳисоб-китоблар асосида сувни насосларсиз узатиш имконияти яратилди. Бу энергия сарфини кескин камайтириб, тизим барқарорлигини оширди. Натижада Термиз, Ангор, Бандихон, Қизириқ, Шеробод ва Музработ туман марказларига сув электр энергиясисиз етказилмоқда.
Лойиҳа туфайли 223 та маҳаллада сув таъминоти мустаҳкамланди. Сувнинг қаттиқлик даражаси икки баробаргача камайтирилди. Бу аҳоли саломатлиги ва маиший техника хизмат муддатига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Геоахборот маркази
«Шимолий» сув ишлаб чиқариш иншоотида ташкил этилган геоахборот маркази тизимни реал вақт режимида назорат қилиш имконини берди. Босим пасайиши ёки авария ҳолатлари қисқа вақтда аниқланади. Сув таъминоти яхшиланиши натижасида юздан ортиқ ерости қудуқларидан фойдаланишга эҳтиёж қолмади.
Иқтисодий самара ҳам сезиларли: йиллик 18,4 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалади. Бу 18,5 миллиард сўм маблағни иқтисод қилиш имконини беради. Истеъмолчиларнинг биллинг тизимига уланиши эса ҳисоб-китоб шаффофлигини ошириб, қарздорликни камайтирмоқда.





