«Sеа Breeze Uzbekistan» лойиҳаси: ўзбек блогер ва экспертлари нимадан норози?
07.07.2025 | 17:3012 daqiqa
Ижтимоий тармоқларда #Savechorvoq ҳештеги остида ўзбек блогер ва инфлюенсерларининг лицензиялари сув омборида қурилиши режалаштирилган «Sеа Breeze Uzbekistan» лойиҳасига доир чиқишлари давом этмоқда.

Эко-блогер Ўрикгули (Мўътабар Хушвақтова) ўзининг Instagram саҳифасида лойиҳа юзасидан Озарбойжонда ўтказилаётган пресс турга таклиф қилингани ва Ўзбекистонда қурилаётган объект муҳокамаси учун Озарбойжонга боришни истамаслигини маълум қилди.
VAQT.UZ нашри яқинда озарбайжонлик тадбиркор Эмин Агаларовнинг Чорвоқ сув омбори қирғоғида «Sеа Breeze Uzbekistan» номли улкан сайёҳлик мажмуасини барпо этилиши ржа қилингани ҳақида хабар берган эди.
«Sеа Breeze Uzbekistan» лойиҳаси Чорвоқ сув омбори бўйида қурилиши режа қилинган. Дам олиш маскани тахминан 500–700 гектар майдонга қурилади. Лойиҳа Ўзбекистон раҳбарига тақдим этилганидан сўнг, экоблогер ва фаоллар бу курорт зонасининг қурилиши экологияга жиддий зарар етказишини айтиб чиқишмоқда.
Лoйиҳани 2024 йил декабрида Эмин Агаларов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этган, 2025 йил апрелида асосий лойиҳа режаси расман муҳокама қилинган. Агаларовга кўра, «Sеа Breeze Uzbekistan» Бўстонлиқ туманида биринчи босқичда 100 гектар майдонда бошланади, барча босқичлар якунланганда тахминан 5 млрд доллар инвестиция жалб қилинади.
Лойиҳада дам олиш зоналари, пляжлар, меҳмонхоналар, вилла ва квартира комплекслари, спорт майдончалари, кўприклар, сузиш ҳавзалари, боғлар, кафелар, мактаб ва болалар боғчалари, шифохона ва меҳмонхона хизматлари бўлиши режалаштирилган. Умумий кўринишда, бу нафақат туризм, балки йил бўйи яшаш ва ишлаш учун шароит бўлади.
Эко-блогер Ўрикгули ўзининг Instagram’даги саҳифасида экспертлар ва инфлуэнсерларнинг «Sеа Breeze Uzbekistan» лойиҳаси Чорвоқнинг сув балансига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари жамланган.
Барқарор қурилиш бўйича мутахассис Темур Аҳмедов бу хусусда шундай дейди:
«Тошкентда 3,5 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бунинг устига Янги Тошкент ҳам қуриляпти. Шунча сув қаердан олинади? Агар Чорвоқнинг мувозанати бузилса, биз жиддий муаммога дуч келамиз».Табиий фанлар доктори Юлдузхон Абдуллаевага кўра, бу курорт-зонанинг қурилиши нафақат сув ифлосланиши, балки сув мувозанатининг бузилиши ва бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтган. Қолаверса, у лойиҳанинг атроф-муҳитга зарарини баҳолаш зарурлигини ҳам таъкидлаган.
«Биринчидан, биологик хилма-хиллик зарар кўради. Чорвоқ сув омбори ва унинг атрофида ноёб ўсимлик ва ҳайвон турлари мавжуд. Лойиҳа ишга тушса, ҳудудга кўп қурилиш материаллари келтирилиши керак бўлади. Бизда сув йўллари йўқлиги сабабли, транспорт воситалари қуруқлик йўлларидан фойдаланади, бу эса ҳаво ифлосланишига олиб келиши мумкин. Ҳовуз ва фаввораларга Чорвоқдан сув олиш керак бўлади, бу эса унинг гидрологик мувозанатини бузилишига олиб келади. Лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш зарур. Натижалар жамоатчиликка эълон қилиниши шарт.Агар баҳолаш натижаси салбий бўлса, лойиҳани бекор қилиш керак. Шу боис жамоатчилик иштироки жуда муҳим», — деган Абдуллаева.Шаҳарсоз Искандар Солиев Эмин Агаларовнинг ваъдаларига шубҳа билдирмоқда.
«Бундай улкан лойиҳани сув омбори атрофида қуриш хато, деб ўйлайман. Ҳатто Агаларов ҳам ўз видеоларида аввал сув тозалаш қурилмаларини ўрнатамиз, кейин қурилишни бошлаймиз, деган. Аммо бундай ваъдалар кўпинча бажарилмаслигини биламиз. Асосий хавотир мана шунда», — деган шаҳарсоз Искандар Солиев.Ўрикгули Чорвоқда хатолик юз берса ёки сув ифлосланса, Тошкент ягона ичимлик суви манбаидан маҳрум бўлишидан, шунинг учун пухта экологик текширув ва шаффофлик ғоят муҳимлигини таъкидлади. Гидрометеорология бўйича тадқиқотчи Алишер Худойбердиев моторли қайиқлар сувни ифлослантириши, ичимлик суви сифатига ва қишлоқ хўжалиги ерларига зарар етказиши мумкинлигини айтиб ўтди. Блогер Самандар Низомов VIP зона ғоясига шубҳа билдирди.
«Нима учун бойлар кириб, камбағаллар узоқдан томоша қилиши керак?» Чорвоқ денгиз ёки океан эмас-ку?! Мен ифлос аралашган сувни ичишни истамайман, деган Низомов.Блогер Ислом Капарзо эса бунга қуйидагича танқид билан чиқди:
«Бу лойиҳа одамлар ҳаёти ва Бўстонлиқ экологиясига зарар етказиши мумкин... Сув омбори биз учун ягона ичимлик манбаи — бунга барҳам бериш мумкин эмас».The Times of Central Asia нашри Ўрикгулидан Экология вазирлиги ёки бошқа мансабдор шахслар ушбу хавотирларни ўрганишга муносабат билдирган-билдирмаганини сўради. Ҳозирча Экология вазирлиги ёки бошқа ташкилотлар дам олиш зонасини Чорвоқ сув омбори боъйида қурилишига муносабаат бергани ёъқ. Собиқ депутат, Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев эса бу масалани вазирга етказиши ва фуқаро сифатида бу қурилишга норози эканини билдирган.
«Мен Чорвоқ сув омбори яқинида ҳар қандай қурилишга қаршиман. Нафақат «Sea Breeze», балки меҳмонхоналар ёки дам олиш масканлари, ҳатто қайиқ сайрларига ҳам – барчасига бутунлай қаршиман. Чорвоқни қанчалик кўп ҳимоя қилсак, шунчалик ривожланамиз. Агар уни ифлосласак, келажак авлодни бу жойни тарк этишга мажбур қиламиз. Ҳозирда Экология вазирлиги бу масалани кўриб чиқмоқда. Бизда ҳали тўлиқ ҳужжатлар йўқ. Вазирлик ўтган йилдан бери сув омборидаги моторли қайиқларга очиқчасига қарши чиқиб келмоқда. Бизнинг муносабатимиз ҳам шу позицияни акс эттиради», — деди Кушербаев.The Times of Central Asia нашри Agalarov Development компаниясидан «Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳасининг экологик жиҳати ҳақида батафсил маълумот сўраб, электрон хат юборган. Хатда қуйидаги саволлар берилган: «Лойиҳани таклиф қилишдан олдин экологик баҳолаш ўтказдингизми ёки маҳаллий экология мутахассислари билан маслаҳатлашдингизми?» «Экологик фаоллар ва блогерларнинг хавф-хатарлар ва жамоатчилик муҳокамасининг йўқлиги ҳақидаги хавотирларига қандай муносабат билдирасиз?» Ҳозирча Agalarov Development компанияси нашр сўровига жавоб бермаган. Ҳолат юзасидан Экология вазирлигидан ҳам расмий муносабат кутилмоқда. Меҳриноза Фармонова тайёрлади.





