
Тадбиркорлик субъектларини текширишда бизнес-омбудсман билан келишилмайди
Бизнес-омбудсман ижтимоий тармоқларда тадбиркорлик фаолияти текширувларини ўтказишда бизнес-омбудсман билан келишиш талаб этилиши ҳақида тарқалган фикрлар юзасидан изоҳ берди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни бизнес-омбудсман билан келишиш шарт эмас. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман ижтимоий тармоқларда тарқалган фикрларга муносабат билдириб, расмий изоҳ берди.
Изоҳга кўра, Президентнинг тегишли фармони асосида 2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали амалга оширилади. Бу жараёнда бизнес-омбудсман текширувлардан хабардор қилинади, бироқ уларни олдиндан келишиш талаби мавжуд эмас.
Шу билан бирга, айрим ҳолатларда текширувлар махсус тартибда ўтказилиши мумкин. Хусусан, текшириладиган тадбиркорлик субъекти аниқ бўлмаган ҳолларда ёки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, жамоат хавфсизлиги, давлат манфаатлари ҳамда атроф-муҳитга зарар етказиш хавфини зудлик билан олдини олиш зарурати туғилганда, текширувлар кечиктирилмасдан бошланиши мумкин.
Бундай вазиятларда ҳам қонунчилик аниқ талабни белгилайди: текширув бошланганидан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизими орқали бизнес-омбудсманни хабардор қилиш шарт ҳисобланади. Бу тартиб тезкор чоралар кўриш билан бирга, назоратнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган.
Бизнес-омбудсман институти эса текширувларни мувофиқлаштирувчи орган сифатида эмас, балки уларнинг қонунийлигини мониторинг қилувчи тузилма сифатида фаолият юритади. Расмий изоҳда қайд этилишича, мазкур механизм тадбиркорларни асоссиз текширувлардан ҳимоя қилиш ва давлат назоратида қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.
Аввалроқ Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (бизнес-омбудсман) лавозимига Абдуманноп Абдураҳмадович Бўриев тайинлан эди.

