Тадқиқот: Украина меҳнат бозори уруш зарбаларига бардош берди
Россиянинг Украинага қарши тўлиқ кўламли уруши бошланганидан тўрт йил ўтиб, мамлакат меҳнат бозори кутилмаган барқарорликни намоён этмоқда. «Rockwool Foundation» тадқиқотига кўра, Украинада ишсизлик даражаси урушдан олдинги кўрсаткичдан атиги бироз юқори.

Берлиндаги «Rockwool Foundation» тадқиқотига кўра, Россиянинг Украинага қарши тўлиқ кўламли босқини бошланганидан тўрт йил ўтгач, Украина меҳнат бозори хавотирларга қарамай кутилмаган барқарорликни намоён этмоқда. Урушнинг илк ойларида 20 фоиздан ошган ишсизлик даражаси ҳозир тахминан 11 фоизни ташкил этмоқда – бу урушдан олдинги кўрсаткичдан атиги бир неча фоиз пунктга юқори.
Таҳлилчилар таъкидлашича, 2024 йилга қадар кузатилган пасайишдан сўнг реал иш ҳақи (номинал маошга сотиб олиш мумкин бўлган товар ва хизматлар ҳажми) яна урушдан олдинги даражага етган ва ҳатто ундан ошган.
«Узоқ давом этадиган урушларда ғалаба кўпинча жанг майдонида эмас, заводларда қўлга киритилади. Украина меҳнат бозори мисли кўрилмаган силкинишларга қарамай, бардош берди», – дейди Тадқиқот муаллифларидан бири, Миландаги Боккони университети профессори Тито Боэри.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда экстремал шароитда меҳнат ресурсларининг «жуда тез» қайта тақсимланиши кузатилган.
Меҳнатга лаёқатли аҳоли чоракка қисқарди
2022 йил феврал ойида Россия босқини бошланганидан сўнг, Украина меҳнат бозори тарихий даражадаги зарбага учради. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, фақат мамлакатни тарк этган меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳисобига 3 миллионга яқин ишчи кучи йўқотилган. Яна камида 500 минг киши ҳарбий хизматга чақирилган, 150 минг киши эса ҳарбий ҳаракатлар натижасида ҳалок бўлган.
Тадқиқотда қайд этилишича, ҳукумат назоратидаги ҳудудларда меҳнатга лаёқатли аҳоли умумий ҳисобда тахминан чоракка қисқарган.
Меҳнат бозоридаги ўзгаришлар
Уруш бошланганидан бери иқтисодий фаоллик фронт чизиғидан ғарбий ҳудудларга кўчди, мудофаа саноатида бандлик кўрсаткичлари ошди. Тадқиқотчилар Украина меҳнат бозорининг барқарорлигини иш ҳақи ва ёллаш амалиётидаги мослашувчанлик, шунингдек, офисдан ташқари ишлаш имкониятлари билан ҳам изоҳлайди. Шунингдек, анъанавий равишда эркаклар устун бўлган соҳаларда аёллар бандлигининг ўсиши ҳам ижобий омил бўлган.
Айни пайтда Халқаро валюта фонди 2026 йилда Украина иқтисодиёти 4,5 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда. 2022 йилда мазкур кўрсаткич чоракдан кўпроққа пасайган эди, аммо шундан сўнг яна ўсишга қайтди.





