Тарихни янги бинога кўчириш мумкинми?
Тошкент марказидаги Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи Янги Тошкентга кўчирилмоқда. Музей фондларидаги 60 мингдан ортиқ экспонат, жумладан, ноёб қўлёзмалар ва шахсий архивлар бошқа жойга олиб ўтилмоқда. Бу жараён ортидан тарихий бино тақдири, қўлёзмаларнинг хавфсизлиги ва икки босқичли кўчириш зарурати юзасидан жамоатчиликда қатор саволлар пайдо бўлди.
Ҳар куни минглаб одамлар Навоий метро бекати ёнидан ўтади. Кимдир ишга шошади, кимдир университетга, яна кимдир сайр қилади. Аммо уларнинг кўпчилиги йўл четида турган салобатли бинода Ўзбекистон адабиётининг энг катта хазинаси сақланишини билмайди. Энди эса бу музей ўз манзилини тарк этмоқда. Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи Янги Тошкентда қурилаётган янги бинога кўчирилади. Бу ҳақида Ўзбекистон Фанлар академияси расман маълум қилди. Аммо бу хабар ортидан кўплаб саволлар пайдо бўлди. Эски тарихий бино тақдири нима бўлади? Ундаги бебаҳо қўлёзмалар қандай кўчирилади? Дунёнинг бошқа мамлакатларида бундай жараёнлар қандай амалга оширилади? Ва энг муҳими — бу шунчаки манзил алмашишми ёки тарихнинг бир бўлаги билан хайрлашишми?
Музей фондларида қандай хазиналар сақланади?
Аввало, бу қандай музей эканини тушуниб олайлик. Бу оддий экспозиция эмас. Бу ерда юзлаб йиллик қўлёзмалар, ноёб тошбосма китоблар, машҳур ёзувчиларнинг шахсий архивлари, суратлари, мактублари, буюмлари сақланади. Расмий маълумотларга кўра, музей фондларида 60 мингдан ортиқ экспонат мавжуд. Уларнинг орасида XIV асрда кўчирилган Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” қўлёзмаси, номаълум муаллифнинг “Ғайб ул-хитоб” асари, Алишер Навоий асарларининг ноёб нусхалари, юзлаб шоир ва ёзувчиларнинг шахсий архивлари бор. "Нодир қўлёзмалар ва тошбосма нашрлар" фондида эса 840 дан ортиқ қўлёзма ва мингдан зиёд тошбосма китоб сақланади. Бу шунчаки китоблар эмас. Буларнинг аксарияти ягона нусха ёки жуда кам учрайдиган манбалардир.
Музей биносининг ўзи ҳам тарих
Музейнинг ўзи ҳам тарих. Бугунги бино 1939-йилда қурилган. Дастлаб у совет маъмурий биноси сифатида фойдаланилган. 1968-йилда Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллиги муносабати билан бу ерда Давлат адабиёт музейи ташкил этилди. Музейга академик Ҳамид Сулаймон асос солди. Айнан унинг ташаббуси билан Ўзбекистон ва хориждан юзлаб ноёб қўлёзмалар йиғилди. Машҳур рассомлар музей учун махсус асарлар яратди. Бугунги кунгача сақланиб келаётган Чингиз Аҳмаровнинг улкан деворий композициялари ҳам ана шу давр маҳсули ҳисобланади. Музей Халқаро музейлар кенгаши — ICOM аъзоси саналади.
Кўчириш жараёни қандай кечмоқда?
Бугун бу тарихий маскан бўшаб бормоқда. Фанлар академияси маълумотига кўра, музей фондлари вақтинчалик Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Антропология институтига кўчириляпти. Расмий изоҳга кўра, бунинг мақсади янги бино фойдаланишга топширилгунга қадар экспонатларни замонавий шароитда сақлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва кейинчалик тўлиқ янги музейга жойлаштиришдир. Шунингдек, музейнинг ўзи бутунлай ёпилгани йўқ. Ҳозирча фақат экспозиция қисми вақтинча фаолиятини тўхтатган. Илмий бўлимлар эса ишлашда давом этмоқда.
Жамоатчиликни қандай саволлар қийнамоқда?
Ёзувчи Шукур Жаббор ўзининг Facebook саҳифасида президентга мурожаат эълон қилди. Унда у музейнинг тарихий биносини сақлаб қолиш, қўлёзмалар ва архивларнинг тақдири ҳақида аниқ маълумот беришни сўради. Бу мурожаат қисқа вақт ичида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Дунё тажрибаси нима дейди?
Аслида, бундай хавотирлар бежиз эмас. Чунки дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, тарихий қўлёзмаларни кўчириш энг мураккаб музей жараёнларидан бири ҳисобланади. YUNESKO ва Халқаро музейлар кенгаши тавсияларига кўра, қадимий қўлёзмаларни ташишда ҳарорат, намлик, ёруғлик ва силкиниш қатъий назорат қилинади. Кўпинча битта қўлёзма махсус кислотасиз қутиларга жойлаштирилади. Ҳарорат одатда 18–22 даража оралиғида, нисбий намлик эса 45–55 фоиз даражасида ушлаб турилади. Баъзи экспонатлар эса махсус амортизацияли контейнерларда ташилади. Сабаби оддий. Бир неча сониялик кучли силкиниш ҳам юзлаб йиллик қоғозга зарар етказиши мумкин.
Нега экспонатлар икки марта кўчирилмоқда?
Бу ерда яна бир савол туғилади. Агар янги бино қурилаётган бўлса, нега экспонатлар аввал вақтинчалик бошқа жойга, кейин эса яна янги бинога кўчирилмоқда? Ахир ҳар бир қўшимча кўчириш хавфни оширмайдими? Мутахассислар одатда имкон қадар экспонатларни камроқ кўчиришни тавсия қилади. Шу боис айрим фаоллар янги бино тайёр бўлгунча бинонинг ўзида вақтинчалик микроиқлим тизими яратилиб, фондларни бир мартада кўчириш мумкин эмасми, деган саволни ўртага ташламоқда. Бу саволга ҳозирча расмий жавоб берилмаган.
Тарихий бино тақдири қандай бўлади?
Яна бир масала бор. Тарихий бино тақдири. Фанлар академияси янги музей қурилиши ҳақида маълумот берди. Аммо Навоий кўчасидаги мавжуд бино кейинчалик қандай фойдаланилиши юзасидан ҳозирча расмий қарор эълон қилингани йўқ. Шу сабабли айнан мана шу савол ҳам жамоатчилик орасида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Музейда бугун 42 нафар ходим ишлайди. Улар учун бу шунчаки иш жойи эмас. Бу илмий марказ. Бу ерда қўлёзмалар ўрганилади, янги тадқиқотлар қилинади, каталоглар тузилади. Демак, гап фақат деворлар ҳақида эмас. Гап илмий мактаб ва миллий хотира ҳақида кетмоқда.
Хулоса: Тарихни кўчириш мумкинми?
Тарихни янги бинога кўчириш мумкин. Аммо тарихий муҳитни ҳам кўчириб бўладими? Мана шу савол бугун кўпчиликни ўйлантирмоқда. Энг муҳими эса, бебаҳо қўлёзмалар, ноёб экспонатлар ва маданий мерос бирорта ҳам зарар кўрмасдан янги масканга етиб бориши. Чунки бу бойлик фақат бугунги авлодники эмас. Бу келажак авлодларга топширилиши керак бўлган миллий хазина. Ва бу жараён қанчалик очиқ, шаффоф ва профессионал олиб борилса, жамоатчиликдаги саволлар ҳам шунчалик камаяди. Зеро, гап оддий музей ҳақида эмас, балки халқнинг ёзма хотираси ҳақида кетмоқда.
Бахтиёр Тўхтаев, журналист
Оператор ва монтажчи: Мирвоҳид Мирраҳимов
Teglar






