add

Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати мажбурий жорий этилади

Bugun 19:581522 daqiqa

Янги низом иш берувчиларга меҳнат хавфсизлиги тизимини жорий этиш ва махсус хизматлар фаолиятини йўлга қўйишни мажбурий қилди.

Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати мажбурий жорий этилади

Ташкилотларда меҳнат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги тартиб тасдиқланди. Ҳукуматнинг 24 декабрдаги 819-сонли қарори билан тегишли низом қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, барча иш берувчилар ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиши шарт.

Низомга кўра, иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати билан бир қаторда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ҳам ташкил этиши лозим. Бу иш жараёнида ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган.

Ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитиш мажбурий ҳисобланади. Ушбу жараён кириш йўл-йўриғи ва иш жойидаги йўл-йўриқларни ўтказиш, иш жойида стажировка ташкил этиш ва билимларни текшириш, шунингдек, бахтсиз ҳодисаларда жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларини ўргатишни ўз ичига олади.

Ҳар бир иш берувчи йил сайин 20 январга қадар ЯММТ ИДАК ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритиб бориши шарт. Бунда меҳнат шароити ҳақидаги маълумотлар, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари мавжуд бўлган шароитларда ишлаганлик учун берилган имтиёз ва компенсациялар суммаси, шунингдек, бахтсиз ҳодисалардан жабрланган ва касб касалликлари илк бор аниқланган шахслар сони кўрсатилади.

Низомда ташкилотларда маъмурий-жамоатчилик назоратини жорий этиш ҳам назарда тутилган. Бу назорат уч босқичда амалга оширилади: дастлаб цех, бригада ва смена даражасида, кейин бўлим ёки ишлаб чиқариш участкалари даражасида, якуний босқичда эса бутун ташкилот миқёсида умумий тарзда.

Teglar

Mavzuga oid