«TBC Capital» «Toshkent» фонд биржасига қўшилди

26.11.2025 | 09:183 daqiqa

2025 йил 18 ноябрдан бошлаб «TBC Capital» МЧЖ «Toshkent» Республика фонд биржасида 503-сонли брокерлик рақами билан фаолият бошлади.

«TBC Capital» «Toshkent» фонд биржасига қўшилди

«TBC Capital» Гуржистоннинг TBC Bank Group таркибидаги инвестицион-брокерлик компанияси бўлиб, гуруҳ таркибига шунингдек Грузиядаги TBC Bank ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган TBC Bank JSC UZ киради.

 

Инвестиция воситачиси нима ва нима учун керак?

Акция ёки облигация сотиб олмоқчи бўлган инвесторлар биржага тўғридан тўғри кира олмайди, улар учун инвестиция воситачилари зарур. Амалдаги қонунчиликка кўра, инвестиция воситачиси қимматли қоғозлар бозорида брокерлик ва дилерлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга профессионал иштирокчи бўлиб, инвестор номидан ёки ўз номидан битимлар тузади, қимматли қоғозлар бўйича ҳуқуқларни ҳисобга олади ва эмиссияларни жойлаштиришда иштирок этиши мумкин.

Бундай воситачилар инвесторлар учун депо ҳисобварақларини очиш ва юритиш, биржа савдоларига онлайн ёки оффлайн буюртмаларни қабул қилиш, битимлар бўйича ҳисоб-китоб ва ҳужжатлаштиришни ташкил этиш, биржа, Марказий депозитарий ва ҳисоб-китоб тизимлари билан техник интеграцияни таъминлаш каби бир қатор функцияларни бажаради.

Бундан ташқари, кўплаб профессионал воситачилар мижозларга бозор таҳлиллари, портфелни бошқариш бўйича консултациялар ҳамда янги эмиссияларни жойлаштириш (андеррайтинг) хизматларини ҳам таклиф этади.

Оддий қилиб айтганда, улар нафақат техник хизмат кўрсатувчи, балки инвестор учун капитал бозорида йўл кўрсатувчи ҳисобланади.

Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийсининг 2024 йил якунлари бўйича маълумотларига кўра, 2025 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистонда 56 та инвестиция воситачиси ва 1 та хорижий номинал сақловчи фаолият юритмоқда. Улар орқали депо ҳисобварақларида маблағи бор депонентлар сони 700 мингдан ортиқ, Ягона маълумотлар базасида эса 830 мингдан ортиқ депонент қайд этилган.

Бу кўрсаткичлар охирги йилларда капитал бозорига қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради. Шунга қарамай, халқаро тажриба билан солиштирилганда, Ўзбекистонда чакана инвесторлар сони ҳали ҳам жуда кам, шунинг учун бу сегментда ўсиш учун катта захира мавжуд.

«TBC Capital»нинг бозорга қўшилиши

«TBC Capital» бозорга шунчаки навбатдаги брокер сифатида эмас, балки бир нечта стратегик устунликларга эга ўйинчи сифатида кириб келмоқда.

Биринчидан, янги профессионал иштирокчининг пайдо бўлиши комиссия ставкалари, хизмат кўрсатиш тезлиги ва технологик платформалар сифати бўйича рақобатни кучайтиради. Бу бевосита инвесторлар учун қулайроқ тарифлар ва фойдаланувчи интерфейсларининг яхшиланишига олиб келиши мумкин.

Иккинчидан, «TBC Capital» Гуржистон бозорида брокерлик ва инвестицион банк хизматлари бўйича кўп йиллик тажрибага эга. TBC Bank Group Saqartvelo фонд биржасида фаол иштирок этади. Euromoney маълумотларига кўра, «TBC Capital» бошқарувидаги активлар қисқа муддатда 735 млн доллардан 850 млн долларга ошган, юқори сегментдаги мижозлар базаси эса 23 фоизга кенгайган.

Мазкур тажриба ва стандартлар Ўзбекистон бозорига ҳам трансфер қилиниши кутилмоқда.

Учинчидан, TBC гуруҳи Ўзбекистонда миллионлаб фойдаланувчига эга Payme тўлов сервиси ва «TBC Bank Uzbekistan» орқали кенг рақамли экотизимни шакллантирган. Шу инфратузилма орқали капитал бозори маҳсулотларини илгари фонд бозорида фаол бўлмаган, лекин рақамли хизматлардан фойдаланаётган кенг аудиторияга таклиф этиш имконияти пайдо бўлади.

«Тошкент» фонд биржаси савдо ҳажми сўнгги йилларда сезиларли тарзда ошди. Расмий маълумотларга кўра, 2024-йилда акциялар бўйича савдо ҳажми 21,95 трлн сўмни ташкил этиб, 2023 йилдаги 2,89 трлн сўм кўрсаткичидан қарийб 7,6 баравар юқори бўлган.

Давлат активларини хусусийлаштириш, корпоратив бошқарув стандартларини кучайтириш ва капитал бозорини ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар айнан фонд бозорининг ликвидлигини оширишга қаратилган.

«Ўзбекистон2030» стратегиясида ҳам молия ва капитал бозорини янада эркинлаштириш, қимматли қоғозлар бозорига хорижий инвесторлар иштирокини кенгайтириш ва замонавий молиявий инфратузилмани ривожлантириш вазифалари белгиланган. Бу мақсадларга эришишда профессионал инвестиция воситачиларининг сони, сифати ва рақобат муҳити ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

«TBC Capital» каби халқаро тажрибага эга, замонавий технологияларга таянадиган ўйинчининг биржага қўшилиши муҳим қадам ҳисобланади. Бу бозор ликвидлигини ошириш, янги инвесторлар жалб қилиш ва Ўзбекистон капитал бозорини минтақавий молия марказларига яқинлаштириш жараёнини тезлаштириши мумкин.

Г.Бозорова тайёрлади. 

Teglar

Mavzuga oid