add

Telegram’да Тошкент шаҳар ҳокими номидан очилган сохта аккаунтлар аниқланди

Bugun 20:201 daqiqa

Пойтахт ҳокими номидан очилган сохта аккаунтлар орқали фирибгарликка уриниш ҳолатлари кузатилган. Ҳокимлик матбуот хизмати бу бўйича изоҳ берди.

Telegram’да Тошкент шаҳар ҳокими номидан очилган сохта аккаунтлар аниқланди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов номидан фойдаланиб, фирибгарликка уриниш ҳолатлари қайд этилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати расмий огоҳлантириш билан чиқиб, айрим шахслар томонидан ҳоким номи, расми ҳамда шахсий маълумотларидан фойдаланилган ҳолда сохта аккаунтлар очилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур аккаунтлар орқали фуқароларга шахсий хабарлар юборилиб, турли илтимос, таклиф ёки мурожаатлар билдирилмоқда. Ҳокимлик матбуот хизмати бундай саҳифаларнинг барчаси сохта эканини ва улар ортида фирибгарлар турганини таъкидламоқда.

«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳар ҳокими ёки ҳокимликка алоқадор мансабдор шахслар аҳолига мурожаат қилиш мақсадида шахсий тартибда хабар юбормайди», дейилади расмий изоҳда.

Матбуот хизмати таъкидлашича, агар ҳокимлик ёки ҳоким номидан расмий саҳифа ёхуд янги алоқа канали очиладиган бўлса, бу ҳақда фақат расмий ахборот манбалари орқали олдиндан маълум қилинади.

Фуқаролардан шахсий маълумотларини, телефон рақамлари ёки бошқа ҳассос маълумотларни шубҳали аккаунтларга тақдим этмаслик сўралмоқда. Ҳокимлик аҳолини огоҳ бўлишга, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган шубҳали хабарларга танқидий ёндашишга ва фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишда фаол бўлишга чақирди.

Teglar

Mavzuga oid