«Telegram»даги ёзишмалар хорижий разведкага очиқми?
Компания Россиянинг хорижий разведка идоралари мессенжер ёзишмаларига кириш ҳуқуқига эга экани ҳақидаги иддаоларини рад этди.

«Telegram» Россия расмийларининг «шифрлаш бузилгани бўйича ҳеч қандай далил топилмаган»ини, бундай айбловлар платформа фаолиятини тақиқлашни оқлашга қаратилганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар қилди. Айни пайтда Россия расмий идоралари, жумладан Кремл ва мудофаа вазирлиги ҳам «Telegram» орқали ахборот тарқатишда давом этмоқда.
Россиянинг муносабати
Россия рақамли технологиялар вазири Максим Шадаевнинг хорижий разведка «Телеграм»даги ёзишмаларга кириш имкониятига эга эканини айтганди. Вазир бу маълумотни ҳуқуқ-тартибот идоралари тасдиқлаганини даъво қилган.
Шадаев, шунингдек, мессенжер орқали тарқатилган маълумотлар «жанговар ҳаракатлар доирасида» Россия ҳарбийларига қарши ишлатилганини таъкидлади. Бироқ у ҳарбийлар иловадан фойдаланишда давом этиши мумкинлигини, чунки ёзишмалар функцияси чекланмаганини ҳам қўшимча қилди.
Вазир «Telegram» ноқонуний материалларни блоклаш бўйича 150 мингта сўровни эътиборсиз қолдирганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, 2022 йилдан буён мессенжер орқали 150 мингдан ортиқ жиноят содир этилган бўлиб, шулардан 30 мингдан зиёди қўпорувчилик ва терактлар билан боғлиқ.
«Telegram» эса бундай айбловлар платформанинг техник хавфсизлик тизимига тўғри келмаслигини билдириб, фойдаланувчилар маълумотлари махфийлигини таъминлаш устувор вазифа эканини қайд этган.





