«Tesla» 2027 йилдан роботлар сотувини бошлайди
Илон Маск «Tesla»нинг одамсимон роботларини тижоратлаштириш режаларини очиқлаб, компания стратегиясидаги йўналишларни маълум қилди.

«Tesla» раҳбари Илон Маск Давосда ўтган Бутунжаҳон иқтисодий форумида компаниянинг одамсимон «Optimus» роботлари бўйича режаларини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, «Tesla» 2027 йил охирига бориб ушбу роботларни бозорга чиқаришни режалаштирмоқда.
Сотув ва нарх прогнозлари
Маскнинг таъкидлашича, «Optimus» инсонларга кундалик вазифаларда ёрдам бера оладиган ақлли ёрдамчи сифатида ишлаб чиқилмоқда. «Умуман олганда, у айтганингизни бажаради», — деди миллиардер.
Бироқ у Давосда роботлар нархи ҳақида аниқ маълумот бермади. Шу билан бирга, 2024 йилда инвесторлар билан мулоқотда Илон Маск «Optimus» роботлари нархи 10–20 минг доллар атрофида бўлиши мумкинлигини айтган эди. Бу «Tesla»нинг робототехника соҳасида оммавий бозорга чиқишга интилаётганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Tesla» ўзининг автобошқарув дастури бўйича ҳам муҳим қарор қабул қилганди. Компания 14 февралдан бошлаб автопилот функциясини фақат ойлик обуна асосида таклиф қила бошлайди. Маскнинг сўзларига кўра, ушбу санадан кейин дастурни бир марталик тўлов орқали сотиб олиш имкони қолмайди.
Маълумот учун, айни пайтда «Tesla» электромобиллари эгалари автопилотни 8 минг долларлик бир марталик тўлов ёки ойига 99 долларлик обуна асосида фойдаланиб келаётган эди.





