add

Tesla автопилот дастурини фақат ойлик обунада таклиф қилади

Бугун 11:312 дақиқа

Илон Маск февралдан бошлаб автобошқарув дастурини бир марталик харид қилиш имкони бекор бўлишини маълум қилди.

Tesla автопилот дастурини фақат ойлик обунада таклиф қилади

Tesla 14 февралдан бошлаб автобошқарув дастурини фақат ойлик обуна асосида таклиф қилади. Бу ҳақда компания бош директори Илон Маск маълум қилди. Қарорга кўра, мазкур санадан кейин автопилот дастурини бир марталик тўлов эвазига сотиб олиш имкони бўлмайди.

Айни пайтда Tesla электромобиллари эгалари автобошқарув дастурини 8 минг долларлик бир марталик тўлов орқали ёки ойига 99 доллар обуна сифатида сотиб олиш имкониятига эга. Янги тартиб бу моделни тубдан ўзгартиради ва фойдаланувчиларни фақат обунага ўтишга мажбур қилади.

2025 йилда Миллий автомобил йўллари ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ушбу тизим билан жиҳозланган 2,88 млн Tesla автомобили юзасидан текширув бошлаган эди. Бунга йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бузилишига доир 50 дан ортиқ хабар ва бир қатор автоҳалокатлар сабаб бўлган.

Компаниянинг маълум қилишича, йўловчи автомобилларида бу дастурнинг назорат талаб этувчи версияси қўлланилади. Шу билан бирга, айрим заводларда йиғиш линияларидан етказиб бериш майдонларига автомобилларни кўчиришда дастурнинг назоратсиз версиясидан фойдаланилади.

Tesla’нинг автобошқарув тизими шаҳар кўчаларидаги ўзгаришлар, светофор ва йўл белгиларига риоя қилиш каби кенгроқ функцияларни қамраб олади.

Маълумот ўрнида, автобошқарув дастури — ҳайдовчига ёрдам берувчи тизим бўлиб, у тўлиқ автобошқарувни англатмайди. Дастурдан фойдаланиш жараёнида ҳайдовчи доимий равишда йўлни кузатиб бориши ва зарурат туғилганда назоратни қўлга олиши шарт. Шу боис Tesla сўнгги пайтларда тизим номига «Supervised» атамасини қўшиб келмоқда.

Теглар

Мавзуга оид