add

«Tesla учун қийин кунлар бошланади»: Канада Хитой электромобиллари учун божларни туширди

Bugun 10:182 daqiqa

Канада 49 минг донагача Хитой электромобиллари учун бож ставкасини 6,1 фоизгача туширади. Бу аввалги ҳукумат томонидан жорий этилган 100 фоизлик божга нисбатан кескин пасайиш ҳсобланади.

«Tesla учун қийин кунлар бошланади»: Канада Хитой электромобиллари учун божларни туширди

Канада ва Хитой бир неча йиллик таранг муносабатлардан сўнг тариф чекловларини юмшатиш ва иқтисодий мулоқотни тиклашни назарда тутувчи дастлабки савдо келишувини эълон қилди. Битимнинг асосий бандлари электромобиллар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўлди.

Канада Бош вазири Марк Карни Оттава 49 мингтагача Хитой электромобилларини энг қулай давлат режимида 6,1 фоизлик бож ставкаси билан импорт қилишга рухсат беришга тайёрлигини маълум қилди. Бу аввалги ҳукумат томонидан 2024 йилда жорий этилган 100 фоизлик тарифга нисбатан кескин бурилишдир. Карнининг сўзларига кўра, янги келишув савдо шартларини савдо низолари авж олишидан олдинги даражага қайтаради, аммо энди бу янада кенгроқ ва тизимли келишув доирасида амалга оширилади.

«Хитой учун ҳам Канада учун ҳам яхши янгилик.  Канадаликларда энди рақобатли бозорда арзон ва сифатли EV машиналарга танлов бўлади. Хитой эса ўзига Шимолий Америкадан янги бозор топди», - дея ёзди ўзбекистонлик иқтисодчи Ботир Қобилов.

«Tesla корхонасига ҳам қийин бўлади энди. Европа бозорини BYDга йўқотишаётган эди, энди рақобат биқинига, Шимолий Америкага кириб келмоқда. Рақобатли ва эркин бозор ҳаммага керак. АҚШнинг аҳмоқона тариф сиёсати Хитойга қўл келяпти, янги ҳамкорликлар очиляпти», - дея ёзди у ўз саҳифасида.

Ботир Қобиловга кўра, канадаликлар ҳам энди ўзбекистонликлар миниб кўрган машиналар билан танишишади. 

«25 минг доллардан арзонроқ BYDни сотиб олиб. Chevrolet (ва Tesla) билан хайрлашиб.  Бир пайт божсиз Хитой машиналарини арзонга сотиб олишга улгурган ўзбекистонликларга канадаликлар доим ҳавас қилишар эди», - дея таъкидлади у.

Электромобиллар учун тарифларнинг пасайтирилиши Хитойнинг Канада рапси учун божларни юмшатиши кутилаётгани билан бирга кечмоқда. Пекин март ойи бошига келиб канола уруғи импорти учун умумий ставкани тахминан 15 фоизгача тушириши кутилмоқда, бу эса Канада фермерлари учун жиддий енгиллик бўлади. Аввалроқ тариф юки 84 фоизгача етган эди, бу эса 2025 йил якунларига кўра Хитойга экспортнинг 10 фоиздан кўпроққа камайишига олиб келди. Келишувлар доирасида, шунингдек, Канада денгиз маҳсулотлари ва дуккакли экинларига нисбатан камситувчи божларни бекор қилиш ҳам режалаштирилган.

Битим АҚШ билан савдо алоқалари мураккаблашган ва электромобиллар бозорида глобал рақобат кучайган шароитда Канаданинг прагматик бурилишини акс эттиради. Оттава ушбу келишув Канада автомобил саноатига Хитойдан салмоқли инвестициялар жалб қилишини, маҳаллий EV (электр транспорт воситалари) занжири ривожланишини тезлаштиришини ва углерод нейтрал иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлашини кутмоқда. Хитой учун эса АҚШнинг асосий иттифоқчиларидан бири билан тузилган ушбу келишув қаттиқ иқтисодий ажралиш стратегияси универсал эмаслиги ҳақидаги сигнал бўлиб хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid