Logo

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори аниқланди

Bugun 18:062 daqiqa

Мукофот халқаро адолатни таъминлашга ҳисса қўшган Жанубий Африкалик ҳуқуқшуносга берилди.

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори аниқланди

2026-йилги тинчлик бўйича Нобел мукофоти жанубий африкалик судья Наванетҳем (Нави) Пиллейга берилди. Мукофот «тинчлик ва халқаро ҳуқуқни илгари суришдаги саъй-ҳаракатлари учун» берилди, дейилади қўмита сайтида.

85 ёшли Пиллей халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари соҳасида кўп йиллардан бери фаолият юритиб келади. У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари лавозимида ишлаган.

Унинг фаолияти халқаро жиноятлар учун жавобгарликни таъминлаш, қурбонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва низоларни ҳуқуқий йўл билан ҳал этишга қаратилган.

Халқаро судлардаги фаолият


Пиллей Руанда бўйича БМТ Халқаро жиноий трибуналида судья бўлиб ишлаган ва кейинчалик унга раислик қилган. У 2003–2008-йилларда Халқаро жиноят судида ҳам судьялик қилган.

2008–2014-йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари лавозимида ишлаган ҳуқуқшунос халқаро миқёсда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга ҳисса қўшган.

Пиллей 2025-йилда Фаластин ҳудудларидаги вазиятни ўрганган БМТ комиссияси фаолиятида ҳам иштирок этган. Ҳозирги кунда Пиллей БМТнинг Халқаро судида Мянмадаги роҳинжа мусулмонлари геноциди бўйича ишда судьялик қилмоқда.

Трамп мукофот ололмади

Бу йил тинчлик бўйича Нобель мукофотига 287 нафар шахс ва ташкилот номзод қилиб кўрсатилган. Номзодлар орасида Дональд Трамп бор ёки йўқлигини билиш ҳозирда имконсиз. Чунки рўйхат 50 йил давомида сир сақланади.

АҚШ президенти бир неча бор тинчлик мукофотига лойиқ эканини таъкидлаган. 2025-йилги мукофот соҳиби, венесуэлалик мухолифатчи Мария Корино Мачадо ҳам ўз медалини Трампга топширганини билдирган. Бироқ Нобел қўмитаси қоидаларига кўра, мукофотни бошқа шахсга ўтказиб бўлмайди.

Маълумот учун, 2026-йилги Нобел мукофоти 12 миллион швед кронаси миқдоридаги пул мукофоти, диплом ва олтин медални ўз ичига олади. Тақдирлаш маросими 10-декабр куни ўтказилади.

Teglar

Mavzuga oid

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори аниқланди | Vaqt.uz