add

«Титаник» ва «Аватар» режиссёри доллар ҳисобидаги миллиардерга айланди

Bugun 18:261432 daqiqa

Forbes журнали баҳолашига кўра, «Титаник» ва «Аватар» филмлари режиссери Жеймс Кэмероннинг бойлиги 1,1 млрд долларга етиб, у расман доллар ҳисобидаги миллиардерлар қаторига қўшилди.

«Титаник» ва «Аватар» режиссёри доллар ҳисобидаги миллиардерга айланди

Дунё киносаноатининг энг даромадли режиссёрларидан бири Жеймс Кэмерон расман долларли миллиардерга айланди. Forbes маълумотларига кўра, 71 ёшли режиссёрнинг соф бойлиги 1,1 млрд долларни ташкил этмоқда.

Қизиқ жиҳати шундаки, Кэмероннинг ўзи бу мақомни инкор этади. Унинг айтишича, агар у ҳақиқатан ҳам миллиардер бўлишни истаганида, сўнгги 30 йил давомида деярли ҳеч қандай харажат қилмаслиги керак бўлар эди. Шунга қарамай, Forbes унинг даромадлари ва активларини ҳисобга олган ҳолда бу хулосага келган.

Кэмероннинг молиявий муваффақиятининг асосий манбаи — «Аватар» франшизаси. Биринчи «Аватар» филми режиссёрга тахминан 350 млн доллар соф фойда келтирган. Иккинчи қисм — яна 250 млн доллар атрофида даромад берган. Яқинда намойиш этилиши кутилаётган «Аватар: Олов ва Кул» фильмининг жаҳон бўйлаб йиғими 2 млрд долларга етиши прогноз қилинмоқда. Forbes ҳисоб-китобларига кўра, Кэмероннинг ушбу филмдан шахсий фойдаси камида 200 млн долларни ташкил этади.

Бундан ташқари, режиссёр «Аватар» брендига тегишли интеллектуал мулк орқали ҳам доимий даромад олади. Ўйинчоқлар, мерчандайзинг маҳсулотлари ва Disney’s Animal Kingdom боғидаги тематик аттракционлардан келадиган лицензия тўловлари ҳар йили миллионлаб доллар даромад келтирмоқда.

Шу билан бирга, Кэмерон кино орқали орттирилган соф бойлик бўйича Стивен Спилбергни ортда қолдирган бўлса-да, умумий бойлик ҳажми бўйича ҳали ҳам кино индустриясининг энг бой арбобларидан ортда. Forbes баҳолашига кўра, Спилбергнинг бойлиги 7,1 млрд долларни ташкил этади. Шунингдек, Жорж Лукас 5,3 млрд, Питер Жексон — 1,7 млрд, Тайлер Перри —1,4 млрдни доллар бойликка эга. Бу рўйхатда Жеймс Кэмерон 1,1 млрд доллари билан бешинчи ўринда жойлашган.

Teglar

Mavzuga oid