Logo

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш қанчага тушади?

Bugun 17:207 daqiqa

Куз — саёҳатлар учун энг қулай фасл, аммо кўпчилик харажатлар сабаб дам олишни кейинга суради. Vaqt.uz ушбу мақолада ўзбекистонликлар ички туризм учун қанча харажат қилишини Тошкент–Бухоро йўналиши мисолида ўрганди.

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш қанчага тушади?

Дам олиш кунлари ёки таътилни Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ўтказишни режалаштирганлар учун сафар харажатлари муҳим масалалардан бири. Хўш, мамлакат бўйлаб бир неча кун саёҳат қилиш қанчага тушади?

Буни аниқлаш учун Vaqt.uz мисол тариқасида Тошкентдан Бухорога икки кишидан иборат уч кунлик сафарни ҳисоблаб чиқди. Ҳисоб-китобларда бориб-қайтиш чипталари, икки кеча тунаш, овқатланиш ва тарихий обидаларга кириш харажатлари инобатга олинган.

Тошкентдан Бухорога бориш қанча туради?

Пойтахтдан Бухорога самолёт, поезд, автобус ёки такси билан бориш мумкин. Йўл ҳақи танланган транспортга қараб кескин фарқ қилишини қуйидаги жадвалда кўриб турибсиз:

1

Транспорт турини фақат чипта нархига қараб танлаш етарли эмас. Йўлга қанча вақт кетиши ва баъзи қулайликлар ҳам сафар харажатига таъсир қилади.

Самолёт Тошкентдан Бухорога тахминан бир соатда олиб боради. Бу энг тез усул, лекин рўйхатдан ўтиш ҳам алоҳида вақт талаб этади ва шунинг учун аэропортга олдинроқ етиб бориш лозим. Шунингдек, «Uzbekistan Airways» рейсларидан ташқари, «Centrum Air», «Silk Avia» каби компаниялар билан ҳам бориш мумкин.

«Afrosiyob» тезюрар поезди йўлни тахминан 4 соат 11 дақиқада босиб ўтади. Самолётдан секинроқ бўлса ҳам вокзалга бориб поездга чиқиш одатда аэропортдагидан оддийроқ. Аммо чипталарни топиш муаммо. Шу сабабли уларни эртароқ режалаштириб, олиб қўйиш тавсия этилади.

Оддий йўловчи поездларида ҳам мазкур йўналишда рейслар бор. Бироқ улар «Afrosiyob»дан секинроқ, йўл бир неча соатга узоқроқ давом этади, лекин жой тури ва қатновга қараб арзонроқ чипта топиш мумкин.

Автобусда йўл тахминан 8 соат давом этади. Тошкент автовокзали маълумотига кўра, айрим автобусларда кондиционер, Wi-Fi, USB қувватлаш порти, ҳожатхона ва овқатланиш хизмати бор. Аммо бу қулайликлар ҳамма қатновда бир хил бўлмаслиги мумкин.

Таксининг қулайлиги шундаки, жўнаш вақтини ўзингиз келишиб оласиз ва тўғри манзилга борасиз. Автомобилда йўл шароитига қараб тахминан 7–9 соат, баъзан ундан ҳам кўпроқ вақт кетади. Алоҳида машина буюртма қилсангиз, харажат юқорироқ бўлади, бошқа йўловчилар билан бирга борганингизда эса арзонроқ тушади.

Хуллас, танлов сизга нима муҳимлигига боғлиқ. Вақт қадрли бўлса, самолёт ёки тезюрар поезд — яхши вариант. Пулни тежамоқчи бўлсангиз, автобус ёки оддий поезд мос келади. Жўнаш вақтини ўзингиз белгиламоқчи бўлсангиз, такси қулай. Чипта танлаётганда фақат нархга эмас, йўлга қанча вақт кетишини ҳам эътиборга олинг.

Тунаш нархлари

Бухорога етиб олгандан кейин энг катта масала — бу тунаш учун қулай жой топиш. Шаҳарда премиум меҳмонхоналардан тортиб оддийроқ меҳмон уйларигача топилади ва нархлар танланган жойга ва хизмат даражасига қараб анча фарқ қилади.

Агар икки киши битта хонада икки кеча қолса, нархларни үч тоифага бўлиш мумкин.

Энг арзон вариантлардан бири хостел ёки оддий меҳмон уйларида қолиш. Таҳлилларимизга кўра, бундай жойларда бир кеча учун тахминан 175–250 минг сўм атрофида тўланади. Хона содда, қўшимча хизмат кам бўлади. Яъни хостелларда одатда бир хонада бир неча киши тунайди ва ҳар бирига алоҳида ётоқ жойи (кроват) берилади. Меҳмон уйларида эса алоҳида хона олиш мумкин. Ҳаммом ва ҳожатхоналар эса барча учун умумий бўлиши ҳам мумкин. Нонуштага келсак, бу баъзан нарх ичида, баъзан алоҳида тўланиши талаб этилади.

Ўрта тоифадаги меҳмонхоналар, хусусан айрим 3 юлдузли жойларда, бир кеча тунаш 400–600 минг сўм атрофида шаклланган. Бу ерда хона қулайроқ, кўпинча нонушта ҳам нархга киради. Бу тоифадаги хоналарда одатда алоҳида ҳаммом ва ҳожатхона, кондиционер, телевизор, Wi-Fi бўлади. Айримларида нонушта ҳам хона нархига киритилади, хоналар ҳар куни тозаланади. Бепул автотураргоҳ, багажни сақлаш ва кир ювиш каби хизматлар ҳам таклиф қилиниши мумкин.

Нархга меҳмонхонанинг тарихий марказга яқинлиги, хона катталиги ва брон қилиш шартлари таъсир қилади. Шу боис меҳмонхона танлашда бир кечалик нарх билан бирга, унга қайси хизматлар киритилганини ҳам аниқлаштириб олиш керак.

Қиммат тоифада бир кеча 700 минг сўмдан бошланади, тарихий обидаларга яқин ёки қўшимча қулайликлари бор меҳмонхоналарда эса 1,7 миллион сўмга ва ундан ҳам юқорига чиқиши мумкин. Бундай жойларда хоналар кенгроқ, интерер замонавий бўлади, алоҳида ҳаммом, кондиционер, телевизор ва Wi-Fi бор. Кўпида ресторан, ҳовуз, спа ёки фитнес зал ҳам топилади. Айримларида нонушта хона нархи ичида бўлиб, меҳмонларни аэропорт ёки вокзалдан олиб кетишади, багажни сақлаб туришади, консерж хизмати ҳам бор.

Лекин юқори нарх ҳамма хизмат бепул дегани эмас: спа, трансфер ва баъзи бошқа хизматлар учун кўпинча алоҳида тўланади. Шунинг учун меҳмонхоналарни солиштираётганда фақат бир кечалик нархни эмас, қўшимча хизматлар ва тарихий марказгача бўлган масофани ҳам ҳисобга олинг.

2

Бухорода овқатланиш қанча туради?

Vaqt.uz 2026-йилнинг октябр ойида Бухородаги кафе ва ресторанларнинг очиқ менюларидаги нархларни солиштирди.

Салатлар тахминан 20 минг сўмдан бошланади, баъзилари 140 минг сўмдан ҳам ошади. Суюқ таомлар, яъни шўрва, мастава ва шунга ўхшашлар 25–65 минг сўм туради. Лағмон ва бошқа миллий таомларни 30–70 минг сўмдан харид қилиш мумкин. Шашликнинг айрим турлари 70–100 минг сўм атрофида, қимматроқ гўштли таомлар эса битта порцияси учун 250 минг сўмдан ошади. Бухоро оши ва бошқа гўштли таомлар нархи ҳам шундай порция ҳажмига қараб ўзгаради.

Қуйида ўртача тамадди қилишга кетадиган харажатларни келтирдик:

3

Демак, уч кунлик сафарда икки киши овқатга тахминан 720 минг сўмдан 1,32 миллион сўмгача сарфлайди ёки ундан кўпроқ. Ширинлик, қўшимча ичимлик олинганда ёки қиммат ресторанларда овқатланганда бу нарх кўтарилиши мумкин.

Меҳмонхонада нонушта нархга киритилган бўлса, овқат харажатлари бироз камаяди. Тарихий марказлар яқинидаги оддий ошхоналарни танласангиз, янада арзонроқ тушади.

Бухоро ичида юриш ва тарихий обидаларни кўриш қанча туради?

Шаҳарнинг тарихий марказидаги кўплаб диққатга сазовор жойларни пиёда айланиб чиқиш мумкин. Бу транспорт харажатларини тежашга ёрдам беради. Вокзалдан шаҳар марказига етиб олиш ёки марказдан узоқроқ манзилларга бориш учун эса автобус ва таксидан фойдаланиш мумкин. Бунда харажат танланган транспорт тури ва йўналишга қараб фарқ қилади.

Бухоро шаҳар автобусларида бир марталик йўл ҳақи нақд пулда 3 минг, электрон тўловда 2 минг сўм. Масалан, икки киши кунига тўрт мартадан автобусга чиқса, уч кунда электрон тўловда 48 минг, нақд пулда 72 минг сўм сарфлайди.

Шунингдек маҳаллий такси ёки Yandex хизматлари ҳам мавжуд. Сафарнинг якуний нархи масофа, давомийлик ва талабга қараб ўзгаради.

Тарихий обидалар ва музейларга кириш ҳам алоҳида харажат. Бухоро давлат музей-қўриқхонаси сайтидаги нархларга кўра, катталар учун Арк қалъаси ва Ситораи Моҳи Хоса мажмуасига кириш 10 минг сўмдан, Амирлик зиндони, Чашмаи Аюб ва Мағоки Аттор масжидидаги гиламлар музейига эса 5 минг сўмга кирса бўлади.

Масалан, икки киши Арк қалъаси, Ситораи Моҳи Хоса ва Амирлик зиндонига кирса, чипталарга 50 минг сўм тўлайди. Бу нархлар 2025-йилдан амал қилиши ёзилган, шунинг учун боришдан олдин яна бир бор текшириб олинг.

Бухоро сафарини вилоятдаги Етти пир зиёратгоҳлари билан ҳам давом эттириш мумкин. Бу йўналишга тасаввуф тарихидаги етти алломанинг қадамжолари киради. Улар Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Ромитан ва Когон туманларида жойлашган. Жойлар бир-биридан узоқ, шунинг учун ҳаммасини кўришга алоҳида транспорт керак бўлади, бунда машина ижарага олиш, такси чақириш ёки автобусдан фойдаланиш мумкин. Шу сабабли Етти пир сафарининг харажатини аниқ ҳисоблаш имконсиз.

Агар Етти пир зиёратгоҳларини таксида айланиб чиқсангиз, нархни ҳайдовчи билан келишасиз, бунга расмий тариф йўқ. Якуний нарх машина турига, сафар неча соат давом этишига, ҳайдовчи кутиб турадиган вақтга ва Бухорога қайтиш шартларига боғлиқ. Шунинг учун машина буюртма қилишдан олдин етти манзилнинг ҳаммаси учун умумий нархни келишиб олган маъқул.

Сафар бюджети

Тошкентдан Бухорога уч кунлик сафар қанча туриши у ерга қандай боришингиз, қаерда қолишингиз ва нима ейишингизга боғлиқ. Қуйида икки киши учун икки кеча тунаш ҳисобида турли хил транспорт ва турли хил тураржой варианти таққосланди. Энг катта харажат одатда йўл ҳақи ва меҳмонхонага кетади.

4

Бундан ташқари, сувенир ёки эсдалик совғалар сотиб олиш, қўшимча пулли хизматлар ва бошқа кутилмаган харажатлар ҳам юқоридаги қийматни янада оширади. Чор Бакр ва Етти пир зиёратгоҳларига бориш учун алоҳида транспорт керак бўлади, шунинг учун бу харажатлар жадвалга киритилмади.

Ички саёҳат харажатларининг бир қисмини қайтариб олиш мумкин

Мамлакат бўйлаб саёҳат қилган ўзбекистонликларга айрим харажатларининг бир қисми қайтарилади. Бунинг учун Cashback Tourist дастури йўлга қўйилган. Дастурдан фойдаланиш учун «Soliq» мобил иловасини очиб, «Саёҳат учун кешбэк» бўлимига киринг. Кейин йўналиш ва сафар саналарини киритинг. Сафар пайтида транспорт, тураржой ва маданият объектлари учун олган QR-кодли фискал чекларингизни иловада рўйхатдан ўтказиб боринг. Саёҳат тугагач, сумма ҳисобланади ва барча шартлар бажарилган бўлса, пул банк картангизга ўтказилади.

Аммо қанча пул қайтиши харажат турига боғлиқ. Масалан:

●     авиачиптада бориб-келиш нархининг 15 фоизи қайтарилади (лекин 150 минг сўмгача);

●     поезд ёки автобус чиптаси ҳамда тураржой учун ҳам 15 фоиздан қайтарилади (80 минг сўмгача);

●     музей, театр, цирк ва бадиий галереяга кириш чиптасининг ярми қайтарилади, аммо ҳар бир ташриф учун 20 минг сўмдан кўп эмас.

Эслатиб ўтамиз, қонунчиликка мувофиқ кешбэк олиш учун сафар давомида транспортдан фойдаланиш, тураржойда тунаш ва камида битта маданият ташкилотига бориш керак.

 

 

Teglar

null null

Diyora XabibullayevaMaqolalar soni: 27

Barchasi

Mavzuga oid

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш қанчага тушади? | Vaqt.uz