Logo

Тожикистонда ЯИМ ўсиши 8 фоиздан ошиши кутилмоқда: бюджет даромадлари ҳам режадан ортган

Дастлабки 4 ойда давлат бюджети даромадлари 22,9 млрд сомони (2,1 млрд доллар)га етиб, режадан 12 фоизга ошган.

Тожикистонда ЯИМ ўсиши 8 фоиздан ошиши кутилмоқда: бюджет даромадлари ҳам режадан ортган

2026 йил якунларига кўра Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 8 фоиздан ошиши мумкин. Бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банкининг (ЕОТБ) макроиқтисодий шарҳида маълум қилинди.

Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакат давлат бюджети даромадлари қарийб 22,9 миллиард сомонини (8 июн ҳолатига кўра, тахминан 2,1 млрд АҚШ доллари ёки 26,3 трлн сўм) ташкил этди. Бу январ-апрел ойлари учун мўлжалланган режадан 12 фоизга кўп.

Иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари
ЕОТБ таҳлилчиларига кўра, иқтисодий динамиканинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи юқори ички талаб бўлиб қолмоқда. Дастлабки тўрт ойда чакана савдо ҳажми 30,3 фоизга, инвестициялар эса 21,7 фоизга ошган.

Инвестицион фаоллик республика саноатини, айниқса, қайта ишлаш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларини сезиларли даражада қўллаб-қувватлаётгани қайд этилган. Ҳисобот даврида умумий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 13 фоизга ўсган.

Жумладан:
• Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 23,2 фоизга;
• Металлар ишлаб чиқариш – 15 фоизга;
• Нометаллик минерал маҳсулотлар – 23,7 фоизга кўпайган.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг феврал ойида ЕОТБ Тожикистон ЯИМ ўсишини йил якуни бўйича 8,1 фоиз даражасида башорат қилган эди. Янги прогнозлар мазкур кўрсаткичдан ҳам ошиб кетиш эҳтимолини кўрсатмоқда.

Teglar

Mavzuga oid