add

Тожикистондан келтирилган 32 кг наркотик модда мусодара қилинди

06.01.2026 | 09:352 daqiqa

Фарғона водийсида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида йирик наркотик модда тармоғи фош этилиб, бир нечта шахс қўлга олинди.

Тожикистондан келтирилган 32 кг наркотик модда мусодара қилинди

Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб кирилган жами 32 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик моддалари муомаласининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган дастлабки тадбирда 1984 йилда туғилган фуқаронинг Қўқон шаҳридаги уйи кўздан кечирилиб, ошхона қисмида 4 кг 572 грамм опий ва 1 кг 58 грамм гашиш аниқланди. Шунингдек, унга Тожикистондаги наркотик савдогарлар томонидан юборилган геолокация асосида Данғара тумани ҳудудидан яширилган 9 кг 980 грамм опий ҳам мусодара қилинди.

Текширувлар давомида мазкур шахсга гиёҳвандлик воситаларини қайта ишлашда ёрдам берган 1969 йилда туғилган қўқонлик фуқаро аниқланди. Унинг хонадонида ташкил этилган яширин нарколабораториядан 7 кг 226 грамм опий олинди.

Бошқа ҳолатда Қўқон шаҳрида Lacetti автомашинаси тўхтатилиб, ундан 5 кг 22 грамм опий топилди. Мазкур наркотик 34 минг АҚШ долларига сотиб олингани маълум бўлди. Тезкор тадбир давомида уни сотган маҳаллий фуқаро ҳамда унинг шериги бўлган Тожикистон фуқароси қўлга олинди. Унинг Ўзбекистон туманидаги уйидан яна 2 кг 362 грамм опий аниқланди.

Қўқон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда Нехиа тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда йўловчи сифатида кетаётган, 1992-йилда туғилган фуқарога тегишли сумка ичида 982 грамм гашиш борлиги маълум бўлган. Аниқланишича, у гиёҳвандлик воситасини муқаддам тожикистонлик наркокурерлар томонидан Қўқон шаҳри ҳудудига яшириб кетилган хуфия жойдан олган.

Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса 2000-йилда туғилган шахс Тожикистондан олиб келинган 989 грамм гашиш моддасини харидорга 150 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid