Тошкент ҳокими Сергелида кўприк қуриш учун 1,8 млрд сўм ажратди

10.03.2026 | 14:252 daqiqa

Болалар кўприк йўқлиги учун канал устидаги қувурдан ўтаётгани акс этган видео тармоқларда тарқалгач, шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинди.

Тошкент ҳокими Сергелида кўприк қуриш учун 1,8 млрд сўм ажратди

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги маҳалладан оқиб ўтувчи канал устидаги кўприк олиб ташлангани сабабли болалар мактабга қатнаш учун канал устидаги қувур (труба)дан ўтаётгани акс этган видео тарқалди. Хабарларда қайд этилишича, икки ой олдин эски кўприк бузиб ташланган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг VAQT.UZ танишган 2026-йил 6-мартдаги қарорига кўра, ушбу ҳудудда кўприк қурилиши учун 1 млрд 860 млн сўм пул ажратилган.

«Тошкент шаҳар ҳокимининг каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосарининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Юқори Дархон маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи Жўн канали устидан ўтган кўприкни қайта қуриш ишлари учун талаб этилаётган 1 860,0 млн (бир миллиард саккиз юз олтмиш миллион) сўм маблағни ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин», – дейилади шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов имзолаган ҳужжатда.

Шаҳар ҳокимлигининг матбуот котиби Гулноза Қосимованинг VAQT.UZʼга маълум қилишича, канал устидан ўтган қувур ўз жойида қолади, қувурдан тахминан 50 метр масофада кўприк қурилади. Янги кўприкдан машиналар ҳам, одамлар ҳам ўта олади. Аввалги кўприк ҳашар усулида қурилган ва авариявий ҳолатда бўлган.

Бу биринчи марта эмас

Ўтган йили ҳам Сергели туманидаги айнан ушбу маҳаллада мактаб ўқувчилари лой кечиб, канализация қувурларидан келган чиқинди сувлар оқиб ўтувчи канал устидаги омонат кўприкдан ўқишга қатнаётгани тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Шундан сўнг туман ҳокимлиги йўлни таъмирлашни бошлаган.

Teglar

Mavzuga oid