add

Тошкент учун ишлаб чиқилган дизайн-код муҳокамага қўйилади

Bugun 07:582252 daqiqa

Пойтахт учун ишлаб чиқилган дизайн-код лойиҳаси яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, шаҳар муҳитининг ягона визуал қоидаларини белгилайди.

Тошкент учун ишлаб чиқилган дизайн-код муҳокамага қўйилади

Тошкент шаҳрида шаҳар муҳитини тартибга солувчи дизайн-код ишлаб чиқилди. Ҳужжат 25 декабр куни шаҳар халқ депутатлари кенгашининг доимий комиссиясида муҳокама қилинди.

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, дизайн-кодга оид иловалар яқин кунларда Regulation.gov.uz платформасида эълон қилинади. Фуқаролар ва мутахассислар ўз фикр, таклиф ва саволларини қолдириши мумкин бўлади.

Дизайн-код «Citymakers International» ҳамда «Toshkent Invest Kompaniyasi» билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Ҳужжат шаҳар муҳитини яхлит, қулай ва хавфсиз қилишни мақсад қилади.

Дизайн-кодини тартибга солишнинг асосий йўналишлари қуйидагилар:

  • бинолар архитектураси: материаллар, ранг ечимлари, фактуралар, фасадлар, витриналар ва кириш қисмларини безаш;

  • пешлавҳалар ва реклама: ўлчамлари, шрифтлари, ёритилиши ва рухсат этилган жойлашуви;

  • ободонлаштириш: тротуарлар, кўча ёритгичлари, ўриндиқлар, ахлат қутилари, кўкаламзорлаштириш элементлари;

  • кўча элементлари: тўсиқлар, йўл кўрсаткичлари, жамоат транспорти бекатлари, кичик меъморий шакллар;

  • тарихий муҳит: ёдгорликлар ва тарихий ҳудудларнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш чора-тадбирлари.

Дизайн-код тарихий бинолар ва ҳудудларни асрашга алоҳида эътибор қаратган. Шунингдек, айрим туристик кўчалар учун алоҳида режим жорий этилиши режалаштирилган.

Ҳокимликка кўра, дизайн-код тадбиркорлик фаоллигини оширади, ҳудудлардан фойдаланишни қонунийлаштиради ҳамда шаҳар аҳолиси учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилади.

«Citymakers International» компанияси йирик шаҳарлар ва агломерацияларда, жумладан Москва, Санкт-Петербург, шунингдек, Қозоғистон, Россия Федерацияси ва бошқа МДҲ давлатлари ҳудудларида шундай ечимларни жорий этиш бўйича амалий тажрибага эгалиги айтилмоқда. Бу эса Тошкентнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда энг яхши халқаро ва минтақавий амалиётларни мослаштириш имконини берди.

Teglar

Mavzuga oid