add

Тошкентда ҳайдовчилардан пул ундириб келган жиноий гуруҳ ушланди

Kecha 16:552 daqiqa

Пойтахт ва Тошкент вилояти ўртасида қатновчи ҳайдовчиларидан пул ундириб келган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди.

Тошкентда ҳайдовчилардан пул ундириб келган жиноий гуруҳ ушланди

Тошкент вилояти ва пойтахт йўналишида ҳаракатланувчи такси ҳайдовчиларидан ноқонуний пул талаб қилиб келган уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. ИИВ матбуот котибига кўра, мазкур тергов ҳаракатлари бир фуқаронинг расмий аризаси асосида бошланган.

Маълум қилинишича, гуруҳ аъзолари Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳри Яшнобод туманига қатновчи ҳайдовчиларга таҳдид ўтказиб, ўзбошимчалик билан ойлик тўлов жорий этган. Улар ҳайдовчиларни йўналишда ҳаракатланишига тўсқинлик қилиб, ноқонуний даромад орттиришга уринган.

Жиноий гуруҳга «Бичок» лақабли шахс бошчилик қилган. ИИВ маълумотларига кўра, у 37 ёшли Ш.А. бўлиб, аввал уч маротаба Жиноят кодексининг безорилик моддаси билан судланган. У шериклари билан биргаликда «Damas» автомашинаси ҳайдовчисини калтаклаб, тан жароҳати етказган ва транспорт воситасини зўрлик ишлатиб олиб қўйган.

Гуруҳ аъзолари жабрланувчини ҳаёти ва соғлиғига жиддий зиён етказиш билан қўрқитиб, Яшнобод тумани ҳудудига қатновни амалга ошириш учун олдиндан икки ойлик тўлов сифатида 810 доллар талаб қилган. Кейинчалик тўловлар тўлиқ амалга оширилмагани сабабли ҳайдовчига йўналишга чиқиш тақиқлаб қўйилган.

Қайд этилишича, жиноий гуруҳ ҳаракатлари натижасида бир қатор ҳайдовчиларнинг фаолияти издан чиққан, улар доимий равишда таҳдид ва босим остида қолган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу каби ҳолатларга нисбатан кескин чоралар кўрилишини маълум қилди.

Ушбу ҳодиса юзасидан гуруҳ етакчиси ва унинг шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди — уюшган гуруҳ томонидан товламачилик қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

ИИВ фуқароларни шунга ўхшаш ҳолатлардан жабр кўрган тақдирда ички ишлар органларига ёки 102 рақамига мурожаат қилишга чақириб, мурожаат этувчиларнинг шахси сир сақланишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 26 декабр куни Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида жиноий тўдалар иқтисодиёт ва жамиятга таҳдид эканини таъкидлаб, уларга барҳам берилишини таъкидлаганди.

Teglar

Mavzuga oid