Тошкентда Креатив индустрия парки барпо этилади
Лойиҳа давлат-хусусий шерикчилиги асосида ташкил этилиб, унинг ҳудудида яшил боғ, халқаро мактаб, коворкинг маркази, студиялар ва дам олиш ҳудудлари барпо этилади.
© Фото: t.me/Press_Secretary_UzТошкентда давлат-хусусий шерикчилиги асосида Креатив индустрия парки ташкил этилади. Бу ҳақда Президентнинг креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ПҚ-64-сонли қарорида белгилаб берилди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2030 йилгача креатив иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 5 фоизга, яъни 145 триллион сўмга етказилади. Шунингдек, креатив индустрия маҳсулотлари ва хизматлари экспорти 1 миллиард доллардан оширилиши режалаштирилган.
Қарор доирасида соҳада яратиладиган иш ўринлари сони 500 мингтага етказилади. Бу креатив йўналишларни иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айлантиришни назарда тутади.
Тошкент шаҳридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига тегишли ҳудуд негизида 2026–2027 йилларда Креатив индустрия парки инфратузилмалари давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилади. Парк замонавий жамоат макони сифатида ташкил қилиниб, 24 соат фаолият юритади.
Лойиҳа доирасида сайр ва дам олиш ҳудудлари, арт-объектлар ва монументал санъат асарлари жойлаштирилган яшил боғ барпо этилади. Шунингдек, рақамли дизайн ва дастурлаш йўналишида халқаро мактаб, коворкинг маркази, экологик офислар, ижодкорлар павилёни ва креатив устахоналар қурилади.
Парк ҳудудида кино ва видеомаҳсулот ишлаб чиқариш зоналари, овоз ёзиш студиялари, бук-кафе, спорт ва воркаут майдончалари ҳамда меҳмонхона жойлаштирилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ижодкорлар ва креатив компаниялар учун экологик кампус ташкил этилади.
Лойиҳа хавфсизлик, инклюзивлик ва экологик тозалик талабларига мос ҳолда амалга оширилиб, пойтахтда креатив муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 12 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев креатив иқтисодиётни ривожлантириш, маданият муассасалари инфратузилмасини янгилаш ҳамда янги креатив майдонлар ташкил этиш юзасидан тақдимот билан танишиб чиққан эди.





