
Тошкентда қор ёғиши сабаб айрим автобус йўналишларида қатнов оралиқ вақтлари узайиши мумкин
Транспорт вазирлиги аҳолини ноқулай об-ҳаво шароити сабабли юзага келадиган ноқулайликлардан огоҳлантирди.

Тошкентдаги об-ҳавонинг кескин ўзгаргани, қор ёғиши кузатилаётганлиги сабабли айрим автобус йўналишларида қатнов оралиқ интервал вақтлари узайиши мумкин. Бу ҳақда Тошшаҳартрансхизмат матбуот хизмати хабар берди.
«Барча ҳайдовчилардан транспорт воситасини бошқариш пайтида мураккаб об-ҳаво шароитини ҳисобга олишларини, зарурат бўлмаганда шахсий автомобилларида, айниқса қишга мўлжалланган шиналарга эга бўлмаган транспорт воситаларида ҳаракатланмасликни, тезлик талабларига қатъий амал қилишларини, пиёдалардан йўлни кесиб ўтишда ўта ҳушёр бўлишларини ва тирбандликларни олдини олиш мақсадида жамоат транспортларидан фойдаланишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Транспорт вазирлиги ҳам ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этишга чақирди.
«Ёмғир, қор ва туман йўл шароитини кескин ўзгартириб, кўриш масофасини қисқартиради ҳамда ҳаракат хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли бундай вазиятларда транспорт воситасини бошқаришда янада ҳушёр ва масъулиятли бўлиш муҳимдир», — дейилади Транспорт вазирлиги хабарида.





