Тошкентдаги хусусий тиббиёт маркази 747,6 млрд сўмга сотувга қўйилди
Миллий банк ва «Tashkent International Medical Center» ўртасидаги кредит низоси доирасида Миробод туманидаги тиббиёт мажмуаси аукционга чиқарилди. Қурилиши тугалланмаган биноларга банк ва Мажбурий ижро бюроси томонидан тақиқ қўйилган.
© E-auksionТошкент шаҳри Миробод туманидаги хусусий тиббиёт маркази ва автотураргоҳ 747,6 млрд сўм бошланғич нархда сотувга қўйилди. Бу ҳақда «E-auksion»даги лот маълумотида кўрсатилган.
747,6 млрд сўм АҚШ долларида 62,3 млн доллар бўлиб, «E-auksion» платформасидаги энг йирик бошланғич нархда чиқарилган аукционлардан бири бўлди.
Мажмуа «Минг ўрик» маҳалласи, Шаҳрисабз тор кўчаси, 8-уйда жойлашган. У ертўлали 11 ва 12 қаватли бинолардан иборат. Лотда биноларнинг умумий майдони 78,2 минг квадрат метр, қурилиш эгаллаган майдон эса 7,2 минг квадрат метр экани қайд этилган.
Объект Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2026-йил 28-апрелдаги ижро ҳужжати асосида сотувга чиқарилган. Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочиси аукционга қўйиш ҳақидаги қарорни 2-июлда қабул қилган.
Ижро ҳужжати рақами Миллий банк ва «Tashkent International Medical Center» МЧЖ ўртасидаги суд иши рақами билан бир хил. Суд мажлислари жадвалига кўра, низо кредит шартномаси юзасидан келиб чиққан. Бироқ очиқ маълумотларда компаниянинг банк олдидаги қарзи қанча экани кўрсатилмаган.
Лот ҳужжатларида кўчмас мулк қурилиши тугалланмагани ва тўлиқ хатлангани қайд этилган. Фақат нотурар бинолар сотилмоқда. Марказ ичидаги мол-мулк ҳамда офис жиҳозлари аукцион таркибига киритилмаган.
Бинолар жойлашган 1,59 гектар ер участкасидан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланилади. Ижара шартномаси 2029-йил 10-октябргача амал қилади.
Шунингдек, объектга банк ва Мажбурий ижро бюроси томонидан иккита тақиқ қўйилган. Амалдаги эгалар бинони бўшатиб бермаса, аукцион ғолиби уларни чиқариш масаласини суд орқали ҳал қилиши мумкинлиги ҳам лотда алоҳида кўрсатилган.
Аукцион 17-август куни соат 10:00 да бошланади. Аризалар шу куни соат 09:00 гача қабул қилинади. Савдода қатнашиш учун 37,4 млрд сўм закалат пули тўлаш керак.
Аввалроқ «Ҳамкорбанк» Тошкент марказидаги Қурилиш вазирлиги биносини 16 млн долларга сотиб олганди.





