Logo

Тошкентдаги янги автобус бекатлари нархи бўйича танқидларга расмий муносабат билдирилди

Bugun 21:302 daqiqa

Отабек Бакиров янги намунавий бекатлар нархи 10–20 минг доллар атрофида экани айтилиб, уларнинг қиймати қандай шакллантирилгани ҳамда тендер жараёнлари юзасидан саволларни ўртага ташлаган эди.

Тошкентдаги янги автобус бекатлари нархи бўйича танқидларга расмий муносабат билдирилди © Foto: t.me/codd_tashkent

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти бекатларини модернизация қилиш бюджет маблағлари ҳисобидан эмас, давлат-хусусий шериклик механизми асосида амалга оширилмоқда ва уларнинг нархини оддий металл конструкция қиймати билан таққослаш нотўғри. Бу ҳақда иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров танқидига жавобан Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилди.

Аввалроқ, Отабек Бакиров томонидан янги намунавий бекатлар нархи 10–20 минг доллар атрофида экани айтилиб, уларнинг қиймати қандай шакллантирилгани ҳамда тендер жараёнлари юзасидан саволлар ўртага ташланган эди. Марказ баёнотига кўра, лойиҳа қиймати фақатгина бекат конструкциясидан иборат эмас, балки инфратузилмавий, муҳандислик ва технологик ечимларнинг тўлиқ мажмуасини қамраб олади.

Лойиҳа нималарни ўз ичига олади?

Янги лойиҳа доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилиши ва тизимлар ўрнатилиши таъкидланмоқда:

• Ҳудудни тайёрлаш, кутиш майдонларини кенгайтириш ва пиёдалар йўлакларини таъмирлаш.

• Автобус эшиклари баландлиги ҳисобга олинган ҳолда, йўловчилар чиқиб-тушиши учун қулай бўлган янги перронлар қуриш.

• 24 соат ишлайдиган ва марказлаштирилган мониторинг тизимига интеграция қилинган видеокузатув камераларини ўрнатиш.

• Фавқулодда ҳолатларда диспетчерлик инфратузилмаси (112 хизмати) билан боғланиш имконини берувчи SOS тугмаларини жорий этиш.

• Автобусларнинг келиш вақтини кўрсатувчи LED экранлар ва электрон ахборот таблолари, мобил қурилмаларни қувватлаш станциялари ҳамда вендинг аппаратларини ўрнатиш.

Давлат-хусусий шериклик моделига кўра, хусусий инвесторлар бекатларни қуриш ва уларга техник хизмат кўрсатиш харажатларини реклама экранлари, вендинг аппаратлари ва қувватлаш станцияларидан фойдаланиш орқали қоплайди. Бу ёндашув шаҳар бюджетига қўшимча юклама туширмасдан инфратузилмани янгилаш имконини бериши қайд этилди.

Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳар ҳокимининг шу йилнинг март ойидаги қарори билан пойтахтдаги барча автобус бекатлари янгиланиб, уларда энди савдо дўконлари бўлмаслиги белгиланган эди.

Teglar

Mavzuga oid

Тошкентдаги янги автобус бекатлари нархи бўйича танқидларга расмий муносабат билдирилди | Vaqt.uz