Тошкентдаги янги халқаро аэропортининг лойиҳаси Президентга тақдим қилинди

06.03.2026 | 10:232 daqiqa

Тошкентда барпо этиладиган янги халқаро аэропортида 208,4 минг метр квадрат терминал ва икки учиш-қўниш йўлаги барпо этиш режалаштирилмоқда.

Тошкентдаги янги халқаро аэропортининг лойиҳаси Президентга тақдим қилинди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш доирасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар тақдим этилди. Тақдимотда Тошкентда янги халқаро аэропорт барпо этиш режасининг асосий параметрлари муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, лойиҳанинг биринчи босқичида 208,4 минг квадрат метрли йўловчи терминали қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, узунлиги 4 километрдан иборат иккита учиш ва қўниш йўлаги барпо этиш режалаштирилмоқда.

Янги инфратузилма келгусида пойтахтнинг авиация имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириши кутилмоқда. Лойиҳа мамлакатнинг халқаро транспорт хабига айланиш стратегияси билан ҳам уйғун.

Қувват ва инфратузилма

Лойиҳага мувофиқ, янги аэропорт йилига 20 миллионгача йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бу эса Тошкент орқали амалга ошириладиган халқаро парвозлар сонини кескин оширишга хизмат қилиши мумкин.

Инфратузилма соатига 30 та самолётнинг учиши ва қўнишини таъминлашга мос равишда барпо этилади. Шу билан бирга, 169 та ҳаво кемаси учун махсус туриш жойлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Қурилиш ва топшириқлар

Ҳозирги вақтда янги аэропорт қуриладиган ҳудудда лойиҳа ва қидирув ишлари олиб борилмоқда. Мутахассислар келгуси босқичлар бўйича техник ва иқтисодий ҳисоб-китобларни тайёрламоқда.

db52f969-6b01-0d30-7cb3-0927d8f1127c_lists_slider_

Тақдимот якунида президент мутасаддиларга лойиҳаларни техник ва иқтисодий жиҳатдан пухта ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, қурилиш ишларини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, барпо этиладиган транспорт инфратузилмасининг узоқ муддат барқарор ишлаши ва самарали бошқарилишига алоҳида эътибор қаратиш вазифаси қўйилди.

Янги халқаро аэропорт

2025-йил 15-октабрда Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги янги халқаро аэропорт қурилишига тамал тошини қўйган.

Амалдаги аэропортнинг имкониятлари чеклангани сабаб, янги мажмуа Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1300 гектар майдонда қурилади.

Лойиҳа Vision Invest (Саудия Арабистони), Sojitz (Япония) ва Incheon (Жанубий Корея) компанияларидан иборат халқаро консорциум иштирокида амалга оширилади. Биринчи босқичда қиймати 2,5 млрд бўлган аэровокзал ва аэродром қурилади. Янги аэропорт йилига 20 млн йўловчи ва 129 минг тонна юкни қайта ишлашга, соатига 30 та парвозни таъминлашга қодир бўлади.

Комплекс халқаро фуқаролик авиацияси стандартларига тўлиқ жавоб беради. Ҳар қандай об-ҳаво шароитида самолётларни қабул қилиш имконини берувчи замонавий аэронавигация тизимлари ўрнатилади. Лойиҳанинг муҳим жиҳати — унинг экологик барқарорлиги: бу Марказий Осиёдаги илк «яшил» стандартли аэропорт бўлади. Терминалдаги Duty Free зонаси 46 минг квадрат метрни ташкил этади.

Teglar

Mavzuga oid