Тошкентнинг қайси туманларида ижара нархлари энг қиммат?
Феврал ойида пойтахтда уй-жой ижарасининг ўртача нархи ўзгаришсиз қолиб, бир квадрат метр учун тахминан 8,7 долларни ташкил этди. Йиллик ҳисобда эса ижара нархлари 8 фоизга ошган.

Тошкент шаҳрида уй-жой ижараси ўртача нархи деярли ўзгаришсиз қолди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.
Феврал ойида Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи бир квадрат метр учун тахминан 8,7 долларни ташкил этди. Ўтган ойда бу кўрсаткич 8,8 доллар эди.
Таҳлилларга кўра, пойтахтнинг марказий туманларида ижара нархлари анъанавий равишда юқори бўлиб қолмоқда. Жумладан, энг қиммат ижара нархи Миробод туманида бўлиб, ўртача 11,1 доллар бўлди. Шунингдек, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида эса бир квадрат метр учун ижара нархи ўртача 11 доллар атрофида шаклланди. Ушбу ҳудудларда инфратузилманинг ривожлангани ва талабнинг юқорилиги нархларга босим ўтказмоқда.
Шаҳардаги энг арзон ижара нархлар эса Бектемир (6,3 доллар), Сергели (6,9 доллар) ва Учтепа (7,2 доллар) туманларида бўлди.
Марказий ҳудудлардаги юқори нархлар аҳолини нисбатан арзонроқ туманларга кўчишга ундамоқда. Бу эса шаҳар чекка ҳудудларида ижара бозорининг фаоллашишига олиб келмоқда. Натижада айрим туманларда ўсиш суръатлари янада тезлашган.

Туманлар кесимида қаралганда, энг юқори ўсиш Яшнобод туманида кузатилиб, ижара нархлари йил давомида 16 фоизга ошган. Сергели туманида 13 фоиз, Юнусободда 12 фоиз, Олмазорда 11 фоиз ва Шайхонтоҳурда 10 фоизлик ўсиш қайд этилган. Бу ҳудудларда янги уй-жойлар сони ортса-да, талаб ҳануз юқори бўлиб қолмоқда.
Ижара бозоридаги барқарорлик сақланаётган бўлса-да, йиллик ўсиш тенденцияси давом этмоқда. Келгуси ойларда ҳам талаб юқори бўлиши, бу эса нархларга босимни сақлаб қолиши мумкин.
