Трамп: "Куба тез орада қулаши мумкин"
Доналд Трамп Кубадаги вазият тез орада кескин ўзгариши мумкинлигини билдириб, оролга давлат котиби Марко Рубиони юбориш нияти борлигини маълум қилди.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг таъкидлашича, Вашингтон ташқи сиёсатдаги эътибор доирасини кенгайтирмоқда ва бу жараён Кубадаги вазиятни ҳам қамраб олиши мумкин.
“Куба тез орада қулаши мумкин. Мен Маркони у ерга юборишга қарор қилдим. Бизда вақт етарли, аммо Куба бу ҳолатга аллақачон тайёр”, — деди Трамп.
Бироқ у “қулаши” деганда аниқ нимани назарда тутаётганига изоҳ бермади.
Кубалик муҳожирлар оиласида туғилган Марко Рубио узоқ йиллардан бери Кубада сиёсий ўзгаришлар зарурлигини таъкидлаб келади. У Гаванадаги ҳукуматни танқид қилиб, оролда демократик ислоҳотлар ўтказилиши тарафдори сифатида танилган.
Трамп ташқи сиёсатга доир мулоҳазалари давомида ёқилғи нархлари билан боғлиқ вазиятга ҳам тўхталди. Унинг айтишича, бозордаги ўсиш хавотирли даражада эмас ва ҳолат назорат остида сақланмоқда.





