Logo

Трампнинг саломи Тошкентга етказилди: Президент АҚШ Савдо вакилини қабул қилди

Bugun 21:551 daqiqa

Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинган.

Трампнинг саломи Тошкентга етказилди: Президент АҚШ Савдо вакилини қабул қилди © Foto: prezident.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 июн куни Америка Қўшма Штатларининг Савдо вакили Жеймисон Грирни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида Америка расмийси давлат раҳбарига АҚШ президенти Доналд Трампнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.

Музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини, айниқса, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Томонлар кейинги йилларда ишбилармонлик алоқалари фаоллашиб, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми изчил ўсиб бораётганини ижобий баҳолаган.

Учрашувда яқинда Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Америка компаниялари вакиллари иштирокида ўтказилган давра суҳбатининг амалий натижалари ҳам муҳокама қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида ҳамкорлик қилиш ва ушбу жараёнлар келгусида ҳам АҚШ томонидан қўллаб-қувватланишига алоҳида эътибор қаратилган.

Янги лойиҳавий ташаббусларни аниқлаш ва илгари суриш учун Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши механизмидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid