
Украина фронтида Starlink ишдан чиқди: ҳар икки томонда оммавий узилишлар
Фронтнинг икки томонида ҳам «Starlink» терминаллари ишдан чиққани ҳақида хабарлар тарқалди, сабаб эса ҳали расман очиқланмади.

4 феврал куни кечқурун Украинадаги уруш фронти бўйлаб «Starlink» сунъий йўлдош алоқасида оммавий узилишлар кузатилгани ҳақида Россиядаги Z-каналлар ва ҳарбий блогерлар хабар берди. «Romanov Лайт» Telegram канали муаллифи Владимир Романовнинг ёзишича, «бутун фронт бўйлаб Starlinkʼлар ишдан чиққан», шу жумладан қарши томонда ҳам. Ушбу маълумотни «Zаписки Vетерана», «Военный осведомитель» ва бошқа ҳарбий каналлар ҳам тасдиқлаган.
Россия ҳарбий блогерлари «Starlink»ка муқобил алоқа воситалари деярли мавжуд эмаслигини, кўплаб жараёнлар, жумладан жангни бошқариш ҳам айнан шу тизимга боғлаб қўйилганини таъкидламоқда. «Два майора» канали эса узилишлар эҳтимол техник носозлик билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Украина томони изоҳи
Украина томонидан эса вазият бироз бошқача тасвирланмоқда. Украина ҳарбийлари айрим фойдаланувчиларда узилишлар бўлаётганини, бироқ терминаллар умуман ишдан чиқмаганини билдирган. Шу билан бирга, «Зеркало недели» нашри манбалари Украина Қуролли кучларида айрим «Starlink» терминаллари ишламаётганини тасдиқлаб, бу ускуналар ҳукумат томонидан жорий этилган махсус «оқ рўйхат»га киритилмагани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтган.
Маълумки, «Starlink» расман Россия ҳудудида ишламайди. Шунга қарамай, Россия армияси ушбу терминаллардан, хусусан, дронлар орқали ҳужумларни амалга оширишда фойдаланиб келади. Терминаллар Россияга учинчи давлатлар орқали ноқонуний равишда киритилаётгани ҳақида ҳам бир неча бор хабар берилган.
Илон Маскка мурожаат
Январ ойи охирида Украина мудофаа вазири лавозимига тайинланган Михаил Фёдоров «SpaceX» раҳбари Илoн Маскка мурожаат қилиб, «Starlink»дан Россия томони фойдаланишининг олдини олишни сўраган эди. Илон Маск компания томонидан муайян чоралар кўрилганини ва улар « иш бергани кўриниб тургани»ни айтган.
Шундан сўнг Украина ҳукумати Starlink терминаллари учун «оқ рўйхат» тизимини жорий этган, унга киритилмаган қурилмалар эса автоматик равишда ўчириб қўйилиши белгиланган.





