Logo

Вазир ўзгарди. Энди чироқ ёнадими?

Bugun 21:554 daqiqa

Бир пайтлар энергетика тизимидаги муаммолар сабаб вазир ўринбосари лавозимидан танқидлар билан ишдан олинган Шерзод Хўжаев энди Энергетика вазири бўлди. 2022 йилдан ҳозиргача Энергетика вазири сифатида ишлаб келган Жўрабек Мирзамаҳмудов эса бу лавозимдан олинди.

Вазир ўзгарди. Энди чироқ ёнадими, блэкаут бўлмайдими, метан газга турнақатор навбатда турилмайдими? Муаммо вазирдами ёки тизимда? Бугун шу ҳақда.

24 июль куни маҳаллий ОАВлар ўз манбаларига таяниб берган хабар орадан 3 кун ўтиб тасдиқланди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ишдан олингани расман Президент матбуот котиби Шерзод Асадов томонидан эълон қилинди. Маълум қилинишича, Жўрабек Турсунпўлатович Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири лавозимидан Президент фармони билан озод этилган.

Мирзамаҳмудов ҳам бошқа энергетика вазирлари сингари жуда кўп танқид қилинган. У бир томондан Ўзбекистон энергетикасида энг йирик ислоҳотлар бошланган даврга раҳбарлик қилди, иккинчи томондан эса аҳоли энг кўп электр ва газ тақчиллигини ҳис қилган йиллар ҳам айнан унинг вазирлиги даврига тўғри келди.

Мирзамаҳмудовнинг вазирлиги даврида хорижий инвесторлар билан миллиардлаб долларлик энергетика лойиҳалари амалга оширилди, дермиз. Бироқ кўпчилик уни, аввало, оддий истеъмолчилар дуч келган муаммолар билан эслайди.

2022–2023 йиллар қишидаги электр узилишлари, газ босимининг пасайиши, метан газ шохобчаларидаги узун навбатлар, электр ва газ тарифларининг босқичма-босқич оширилиши унинг вазирлиги даврида энг кўп муҳокама қилинган масалалар бўлди. Бундан ташқари, Мирзамаҳмудов тизимни танқид қилган жамоатчилик фаолини судга берган ва у билан судлашган вазир сифатида ҳам тарихда қолди.

Албатта, бу муаммоларнинг барчасини фақат бир вазир фаолияти билан боғлаб бўлмайди. Энергетика — кўп йиллик инвестициялар, инфратузилма ва бошқарувга боғлиқ мураккаб тизим. Шу сабаб бугун ҳам асосий савол ўзгармай қолмоқда: янги вазир, бўлганда ҳам 3 йил аввал тизимдаги камчиликлар сабаб ишдан олинган Шерзод Хўжаев энди муаммоларни ҳал қила оладими ёки муаммо шахсда эмас, тизимнинг ўзидами?

Айнан шу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика тармоғида келгусидаги устувор вазифалар юзасидан 27 июль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида жавоб берди.

"Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида!" — деган давлат раҳбари.

Энергетика вазирлигининг бошига келган Шерзод Хикматуллаевич Ходжаев айтганимиздек, тизимга бегона эмас. У 1998 йилдан бери энергетика соҳасида ишлаб келади. Хўжаев 2019–2023 йилларда энергетика вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. 2023 йил январь ойида ўз фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани сабабли Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев ва "Иссиқлик электр станциялари" АЖ бошқаруви раиси Фарҳод Абдурахманов лавозимларидан озод этилганди.

Хўжаев ўринбосар лавозимидан кетиб, Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори сифатида ишини давом эттираётганди. Энди эса у яна вазир.

Президент видеоселектор йиғилишида тизимдаги жиддий камчиликлар ҳақида гапирди. Давлат раҳбари инвесторлар билан бир неча бор шахсан учрашиб, уларнинг таклифларини эшитганини айтиб, ҳар бир йирик лойиҳани амалга ошириш учун шароит яратилгани ва зарур кафолатлар берилганини таъкидлади.

Натижада энергетика соҳасига 23 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилган ва жойларда 9,5 гигаваттли электр станциялари ишга туширилган.

Сўнгги йилларда электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ва газ тақсимлаш қурилмаларини янгилаш учун 30 триллион сўм ажратилган ва бу олдинги 25 йилда йўналтирилган маблағдан 6 карра кўп.

"Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида!" — деди Президент.

Президент Энергетика вазирлиги ва унинг қуйи бўғинларидаги раҳбарларда ижро ва масъулият етишмаётганини танқид қилди.

"Такрор айтаман: тизимдаги ҳар бир раҳбарнинг қилаётган иши, энг аввало, одамларнинг ҳаётида, турмуш тарзида сезилиши, тадбиркорларнинг мушкулини осон қилиши керак", деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ҳар йили ёз ва қишда ўнлаб подстанцияларда авария бўлиб, юзлаб трансформаторлар ёниб кетаётганини танқид қилди ва июнь–июль ойларининг ўзида 4 мингга яқин авария содир бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар 8–10 соатгача электрсиз қолганини маълум қилди.

Шунингдек, давлат раҳбари ҳокимларни ҳам четлаб ўтмади. Унинг айтишича, бугунги кунда айрим ҳокимларда инфратузилмани яхшилаш бўйича аниқ ҳисоб-китоб мавжуд эмас.

Шунингдек, Президент янги энергетика вазири Шерзод Ходжаев, "Ҳудудий электр тармоқлари"нинг янги раҳбари Сардор Исақулов ва Энергия инспекциясининг янги бошлиғи Аҳад Исоқжонов бугундан янгича иш услубини жорий қилиши шартлигини таъкидлади.

"Ҳокимлар ҳам 'Бу энергетикларнинг иши' деб хотиржам ўтиришга ҳаққи йўқ. Сўров қаттиқ бўлади", деди Президент.

Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда аҳолининг электр истеъмоли 68 миллиондан 102 миллион киловатт-соатга, яъни 1,5 карра ошган. Лекин бу даврда бор-йўғи 60 та трансформатор ва 240 километр тармоқ янгиланган. Йил бошидан электр йўқотишлари 30 миллион киловатт-соатга етган, тармоқларда 37 та авария содир бўлган.

Тўлов интизоми яхши йўлга қўйилмагани сабабли дебитор қарздорлик 43 миллиард сўмга чиқиб кетган. Шунинг 9,4 миллиард сўми нореал қарздорлик ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, вазир ўзгарди. Энди энергетика соҳасига киритилаётган миллиард долларлик сармоялар қоғозда ёки йиғилишлардаги ҳисоботларда эмас, оддий халқнинг хонадонида — ёруғлик ва иссиқлик бўлиб сезилиши шарт.

Эътиборлиси шундаки, уч йил аввал айнан шу тизимдаги қишки инқироз сабабли қаттиқ танқид остида ишдан олинган раҳбар энди вазиятни ўнглаш учун энг юқори лавозимга қайтарилди. Ҳукумат унга иккинчи имкониятни берди.

Олдинда эса ҳаммамизни яна бир бор энг катта ва шафқатсиз имтиҳон — куз-қиш мавсуми кутиб турибди. Хўш, энди нима бўлади? Тизим чиндан ҳам ўзгарадими ёки фақатгина курсилардаги исмлар алмашгани билан қоламизми?

Сиз нима деб ўйлайсиз? Янги жамоа бу гал ваъдаларнинг устидан чиқа оладими ёки қишни яна блэкаутлар ва турнақатор навбатлар билан ўтказамизми?

Teglar

Feruza Najmiddinova

Feruza NajmiddinovaMaqolalar soni: 14

Barchasi

Mavzuga oid