Вазирлик ходими аёлга жинсий алоқа эвазига лавозим таклиф қилди
09.09.2025 | 21:203 daqiqa
Аёл кишига жинсий алоқа таклиф этиб, эвазига сертификат олиб бериш ва мактаб директори этиб тайинлашни ваъда қилган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими ишдан олинди.

Ижтимоий тармоқларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими Ҳ.Ҳ.га тегишли экани айтилган аудио ёзув тарқалди. Аудиодаги ёзувда ходим аёл кишига қарата менежерлик сертификатини олиш ва мактаб директори сифатида ишга жойлашишда ёрдам бериш эвазига у билан жинсий алоқа қилишни таклиф қилган.
«Сертификатни олиб бераман. Ҳасан аканг бор, қўрқма. Кейин ўзим сени бир яхши мактабга директор қилиб қўяман. Директор бўлишингга ўзим ёрдам бераман», - деган эркак.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова ҳолат юзасидан муносабат билдириб, аудиохабардаги овоз ҳақиқатдан ҳам вазирлик ходимига тегишли эканини тасдиқлади. Унга кўра, мазкур ходим лавозимидан озод қилинган.
«Айтиш лозимки, вазирлик соҳага доир коррупцион ҳолатлар ҳамда манфаатлар тўқнашувига мутлақо қарши. Шунингдек, тизимда меҳнат қилаётган барча ходимларнинг касбий одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиши тарафдори. Шу каби ноқонуний вазиятларга йўл қўйган ходимларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилиши таъминланади», - деган Дилфуза Собирова.





