«Халқ банки» ва «Навоийазот» Миллий инвестиция жамғармасидан чиқарилди

27.02.2026 | 14:152 daqiqa

2026 йилда жамғарманинг 30 фоизгача қисми IPO’га чиқиши режа қилинмоқда. Жамғарма таркибидаги “СҚБ”нинг улуши 40 фоизгача оширилди.

«Халқ банки» ва «Навоийазот» Миллий инвестиция жамғармасидан чиқарилди

2026 йилда «Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси»нинг 30 фоизгача қисми IPO’га чиқарилади. Бу ҳақда 25 февралдаги президент қарорида маълум қилинди.

Миллий инвестиция жамғармаси президентнинг 2024 йилдаги қарори билан ташкил қилинган эди. 2025 йил якуни бўйича унинг таркибида 15 та давлат улуши мавжуд компания ва банк бор эди. Bloomberg жамғармани қарийб 2 млрд долларга баҳолаганди.

Эндиликда рўйхатда 12 та давлат компанияси ва 1 та давлат банки бўлади. Жамғарма таркибидан 30 фоиз улушга эга «Халқ банки» ва 25 фоиз улуши мавжуд бўлган «Навоийазот» чиқарилди.

2025 йил кузида «Бизнесни ривожлантириш банки» (25 фоиз) ва «Микрокредитбанк» (40 фоиз) улушлари ҳам Миллий инвестиция жамғармасидан чиқарилган эди.

Бу икки банк ўрнига «Саноатқурилишбанк»нинг 30 фоизи ўтказилган эди. Бу банкнинг жамғарма пакетидаги улуши 2026 йилда 10 фоизга оширилиб, 40 фоизга етказилган.

Бошқа давлат банклари улуши бутунлай чиқарилиб, «СҚБ»нинг улуши кўпайтирилгани банкнинг инвесторлар учун қай даражада жозибадор экани билан боғлиқ.

«СҚБ» 2025 йилда «Миллий банк»дан атиги 39 млрд сўм камроқ фойда олиб, 1,9 трлн сўм билан Ўзбекистондаги иккинчи энг кўп соф фойда олган банкка айланган эди.

Таққослаш учун, «СҚБ»нинг ўтган йилдаги фойдаси «Халқ банки» (702,5 млрд сўм), «БРБ» (503 млрд сўм) ва «Микрокредитбанк» (160,8 млрд сўм) соф фойдасини қўшиб ҳисоблаганда ҳам 37,6 фоизга кўпроқ.

IPO қай тарзда ўтказилади?

Bloomberg хабарига кўра, Ўзбекистон ҳукумати Миллий инвестиция жамғармаси IPO’сини Тошкент ва Лондонда dual listing кўринишида икки томонлама амалга оширмоқчи. Аммо бу бўйича расмий маълумот берилгани йўқ.

IPO жараёни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда жамғарманинг ишончли бошқарувчиси — «Franklin Templeton Asset Management» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Teglar

Mavzuga oid