Халқаро ташкилот журналистлар учун энг хавфли армияни айтди

25.02.2026 | 22:001 daqiqa

Ўтган йили дунё бўйлаб 129 нафар оммавий ахборот воситалари ходими ўлдирилган.

Халқаро ташкилот журналистлар учун энг хавфли армияни айтди

«Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси» (CPJ) ўтган йили дунё бўйлаб 129 нафар ОАВ ходими ўлдирилганини маълум қилди. Бу кўрсаткич соҳа тарихидаги янги рекорд бўлиб, ушбу ўлимларнинг учдан икки қисми учун Исроил жавобгар ҳисобланади. Ҳисоботда айтилишича, Исроил армияси кетма-кет иккинчи йил матбуот ходимлари учун энг катта хавф манбаи бўлиб қолмоқда.

Ташкилот маълумотларига кўра, 2025 йилда Исроил армиясининг ўт очиши оқибатида 86 нафар журналист ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти Ғазо секторидаги фаластинлик мухбирлар бўлса, 31 нафари Ямандаги медиа марказга берилган зарба қурбони бўлган. Ушбу воқеа CPJ кузатувлари тарихидаги иккинчи энг йирик талафот сифатида қайд этилди. Шунингдек, Исроил «қасддан ўлдириш» деб таснифланган 47 та ҳолатнинг 81 фоизи учун жавобгар деб топилган.

Ҳозирда Ғазога чет эллик мухбирлар киритилмаётгани сабабли, ҳалок бўлганларнинг барчаси маҳаллий ходимлар экани айтилмоқда.

Бошқа хавфли ҳудудлар сифатида Судан (9 қурбон), Мексика (6) ва Украина (4) тилга олинган. Украинадаги ўлимлар учун Россия қўшинлари айбланмоқда. Ҳалок бўлганлар орасида Reuters мухбири Хуссам ал-Масри ҳам бор бўлиб, у Ғазодаги шифохонадан тўғридан-тўғри эфир узатаётган вақтда ҳалок бўлган.

Teglar

Mavzuga oid