add

Хайриддин Султоновга Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони берилди

Bugun 17:582 daqiqa

Маълум қилинишича, мукофот ёзувчига миллий адабиётга қўшган ҳиссаси, давлат хизматдаги фаолияти ва таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан берилган.

Хайриддин Султоновга Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони берилди© Фото: president.uz

Президент маслаҳатчиси — спичрайтери Хайриддин Султоновга «Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси» фахрий унвони берилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди. Унвон ёзувчининг миллий адабиёт ва маданият ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси ҳамда кўп йиллик самарали меҳнати эътирофи сифатида тақдим этилди.

Президентнинг тегишли фармонига кўра, мукофот Хайриддин Султоновга давлат идораларидаги узоқ йиллик хизмат фаолияти, ўзбек адабиётини тарихий ва замонавий мавзудаги асарлар билан бойитгани, шунингдек, таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан берилган. Унинг ижодий мероси миллий адабиётда алоҳида ўрин эгаллайди.

Маълумот учун, Хайриддин Мадриддинович Султонов 1956 йил 19 январда Тошкент вилояти Қибрай туманида туғилган. У Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Фаолияти давомида адабиёт, публицистика ва давлат хизматини уйғун олиб борган ижодкор сифатида танилган.

Ёзувчининг «Қуёш барчага баробар», «Бир оқшом эртаги», «Онамнинг юрти», «Умр эса ўтмоқда», «Бобурнинг тушлари», «Бобурийнома», «Саодат соҳили» каби қатор насрий асарлари нашр этилган. Ушбу китоблар ўқувчилар орасида кенг эътибор қозонган ва адабий муҳитда ижобий баҳоланган.

Шунингдек, Султонов сценарий муаллифи сифатида ҳам танилган. Унинг асарлари асосида «Чангак», «Мозийдан бир саҳифа», «Меҳробдан чаён» видеофилмлари ҳамда «Тушларимда кўриб йиғлайман», «Ёзнинг ёлғиз ёдгори» бадиий фильмлари суратга олинган. «Сарҳовузнинг бўйларида» номли драмаси ҳам мавжуд.

Хайриддин Султонов аввал ҳам давлат мукофотлари билан тақдирланган. Жумладан, у 1996 йилда «Шуҳрат» медали, 2003 йилда эса «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

Teglar

Mavzuga oid