
Хитой иқтисодиётини энг катта хавф кутмоқда
Ўтган йили ХХР тарихдаги энг паст туғилиш даражасини қайд этди — бундай ҳолат 1949 йилдан бери кузатилмаган эди.

Хитойда 2025 йилда рекорд даражадаги паст туғилиш кўрсаткичи қайд этилди — бу кўрсаткич 1949 йилдан бери энг ёмони бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар беради. Шу билан бирга, ХХР Давлат статистика бошқармаси маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси бир йил ичида тахминан 3 миллион кишига қисқарган.
Расмий ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йил охирига келиб Хитой аҳолисининг сони тахминан 1,4 миллиард кишини ташкил этди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 3,39 миллионга камдир. Шу давр мобайнида мамлакатда 7,92 миллион киши туғилган, 11,31 миллион киши эса вафот этган.
Туғилиш коэффициенти ҳар минг кишига 5,63 гача тушди. Бу Хитой Коммунистик партияси ҳокимият тепасига келган 1949 йилдан бери энг минимал қийматдир. Ўлим даражаси ҳар минг кишига 8,04 гача кўтарилди — бу 1960-йиллар охиридан бери энг юқори даражадир.
Янги рақамларга кўра, Хитойдаги демографик пасайиш кетма-кет тўртинчи йил давом этмоқда. Аввалроқ туғилиш бўйича тарихий минимум 2023 йилда қайд этилган эди, 2024 йилдаги ўсиш эса қисқа муддатли бўлиб чиқди. Узоқ муддатли истиқболда, оилавий сиёсат ўзгарганига қарамай, мамлакатда туғилиш 2016 йилдан бери камайиб бормоқда.
Пекин деярли ўн йилдан бери бу трендни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. 2016 йилда расмийлар «бир оила — бир бола» қоидасини бекор қилиб, икки фарзанд кўришга рухсат беришган эди. 2021 йилда лимит учтагача оширилди. Кейинчалик давлат оилаларга тўловларни жорий қилди: ота-оналар уч ёшгача бўлган ҳар бир бола учун 3600 юан ($560) миқдорида пул оладилар. Регионлар ўз бонусларини қўшишди ва декрет таътилларини кенгайтиришди.
Бироқ статистика шуни кўрсатмоқдаки, чора-тадбирлар ҳозирча самара бермаяпти. Экспертлар буни уй-жойнинг қимматлиги, таълим ва тиббиёт харажатлари, шунингдек, ёш авлоднинг устувор йўналишлари ўзгаргани билан боғламоқдалар. Reuters баҳолашича, Хитой бола тарбиялаш қиммат бўлган мамлакатлар қаторига киради.
Аҳолининг қисқариши иқтисодиёт учун хавфларни кучайтиради. Мамлакат тезроқ қаримоқда, ишчи кучи камаймоқда, пенсия тизимига юклама эса ортиб бормоқда. Аввалроқ Хитой Ижтимоий фанлар академияси пенсия жамғармалари босим остида эканидан огоҳлантирган эди.
БМТ прогнозларига кўра, кескин ўзгаришлар бўлмаса, демографик пасайиш бундан кейин ҳам давом этади.
«Хитой учун бу нафақат иқтисодиётга, балки мамлакатнинг ўн йилликлар олдинга мўлжалланган ривожланиш режаларига ҳам таъсир қиладиган узоқ давом этувчи муаммони англатади», - деб хулоса қилади нашр.





