
Хитойликлар Telegram орқали пул «ювмоқда»: ойлик ҳажм 2 млрд долларга етди
Telegram хитойлик кибержиноятчилар учун асосий майдонга айланди. Рус тилидаги каналлар орқали ойига тахминан 2 млрд доллар яширин транзакциялар ўтаётгани аниқланди.

«WIRED» ва блокчейн-таҳлил компанияси «Elliptic» ўтказган суриштирувга кўра, Telegram бугун хитойлик кибержиноятчиларнинг энг йирик молиявий ҳабига айланган. Ойига хуфиёна иқтисодиёт айланмаси 2 млрд долларга етади.
Мутахассислар «гарант» ниқоби остида ишлаётган ноқонуний платформалар экотизимини аниқлаган. Бозорда асосий ўринни «Tudou Guarantee» ва «Xinbi Guarantee» эгалламоқда. Улар ўғирланган маълумотлар, дипфейк дастурлари ва инвестиция фирибгарлиги учун тайёр сайтларни сотади.
Суриштирувга кўра, ушбу платформалар орқали одам савдоси ва болалар жинсий қуллиги каби оғир жиноятлар ҳам амалга оширилган. Айланмалар ҳажми тарихдаги энг йирик даркнет бозорларини ҳам ортда қолдирган.
Масалан, «AlphaBay» бутун фаолияти давомида 1 млрд доллар атрофида айланма қилган. «Hydra» эса 7 йилда 5 млрд доллар ўтказган. Бирgina «Huione Guarantee» орқали 2021–2025 йилларда 27 млрд доллар маблағ ҳаракатланган.
Telegram каналларини блоклаш самара бермаяпти. 2025 йил май ойида «Huione Guarantee» ёпилгандан сўнг унинг ўрнини «Tudou Guarantee» эгаллаган ва қисқа вақтда ойлик 1,1 млрд доллар айланмага чиққан. «Xinbi Guarantee» ҳам блокдан кейин қайта ишга тушиб, айланмаси 850 млн доллардан ошган.
Telegram раҳбарияти оммавий тақиқларни рад этиб, буни «молиявий эркинлик» билан изоҳламоқда. Аммо экспертлар асосий маблағлар фирибгар синдикатлардан келаётганини айтади. Транзакцияларнинг катта қисми USDT орқали ўтади, «Tether» эса техник имконият бўлса-да, жиноий ҳисобларни кам ҳолларда блокламоқда.





