Хивада Хитой университети филиали очилади
Битирувчиларга ҳам Ўзбекистон, ҳам Хитойда тан олинадиган диплом берилади.
© Foto: president.uz2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Хива шаҳрида Хитойнинг етакчи олийгоҳларидан бири – Ляонин педагогика университетининг филиали ўз фаолиятини бошлайди. Олийгоҳ меҳнат бозори ва иқтисодиёт учун энг талабгир бўлган халқаро бизнес ҳамда сунъий интеллект мутахассисларини тайёрлайди. Бу ҳақда таълим соҳасидаги навбатдаги режалар юзасидан Президентга қилинган тақдимотда маълум қилинди.
Тақдимотда айтилишича, Ляонин университети Хитойнинг педагогика, психология, хитой тили филологияси ва таълим фанлари бўйича энг катта тажрибага эга етакчи олийгоҳларидан бири ҳисобланади. Янги филиал иқтисодиёт учун зарур бўлган, хитой тилини биладиган кадрлар тайёрлашга ихтисослашади.
Қайд этилишича, таълим муассасасида халқаро хитой тили таълими, халқаро бизнес, туризм бошқаруви ва сунъий интеллект йўналишлари очилиши кўзда тутилмоқда. Таълим жараёнлари ўзбек, хитой ва инглиз тилларида олиб борилади ҳамда битирувчиларга ҳам Ўзбекистон, ҳам Хитойда тан олинадиган диплом берилади.
Таъкидланишича, бундан ташқари, ушбу филиалнинг маҳаллий олийгоҳлар билан академик ҳамкорлигини ва қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Хитой тажрибаси асосида маҳаллий техникумлар дастурлари такомиллаштирилиб, мактабларнинг информатика ўқитувчилари учун сунъий интеллект бўйича махсус малака ошириш курслари ташкил этилади.
