add

Хизматлар бозори 15 фоизга ошиб, 82 миллиард долларга етди — Президент

Bugun 12:47822 daqiqa

2026 йилда хизматлар соҳасига 85 триллион сўм кредит ва 9 триллион сўм субсидия йўналтирилади.

Хизматлар бозори 15 фоизга ошиб, 82 миллиард долларга етди — Президент

Жорий йилнинг ўзида Ўзбекистонда хизматлар соҳаси сезиларли суръатда ўсди. Йил якунида хизматлар ҳажми қарийб 15 фоизга ошиб, 82 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткич аҳоли даромадлари ўсиши, ички талабнинг фаоллашуви ҳамда тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар самараси сифатида баҳоланмоқда.

Хизматларга бўлган талабни янада рағбатлантириш мақсадида 2026 йилда соҳани қўллаб-қувватлаш учун катта молиявий ресурслар ажратилади. Жумладан, хизматлар соҳасига 85 триллион сўм кредит ва 9 триллион сўм субсидия йўналтирилади. Айниқса, таълим хизматларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу йўналиш учун давлат бюджети ҳисобидан 7 триллион сўм ажратилиши белгиланган.

Туризм соҳасида ҳам узоқ муддатли аниқ мақсадлар қўйилган. Кейинги беш йилда хорижий туристлар сонини икки карра ошириш, туризм хизматлари ҳажмини эса 20 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Бу мақсадларга эришиш учун, аввало, туризм инфратузилмасини комплекс ривожлантиришга устувор аҳамият берилади.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида Бибихоним масжиди, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ва Афросиёб музейини ўзаро боғлайдиган замонавий йўлак ва кўприклар барпо этилади. Бу сайёҳлар учун ягона маданий-маршрут яратиш имконини беради.

Шаҳрисабз шаҳрида Ғелон йирик туристик мажмуасининг биринчи босқичи ишга туширилади. Поп туманида эса Арашан тоғ дам олиш туристик зонаси ташкил этилади.

Шунингдек, Хивадаги Ичанқалъа тарихий мажмуаси замонавий технологиялар асосида «жонли» ва «ақлли» музей-шаҳарга айлантирилади. Бундан ташқари, Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудларидаги археологик ёдгорликлар бўйлаб йирик туризм ҳалқасини шакллантириш режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid

Хизматлар бозори 15 фоизга ошиб, 82 миллиард долларга етди — Президент | Vaqt.uz