add

Хусусий боғчалар учун янги имтиёзлар пакети ишга тушади

Ўзбекистонда қамров паст ҳудудларда хусусий боғча очган бизнесга субсидия, имтиёзли кредит ва узоқ муддатли бепул ижара тақдим этилади.

Хусусий боғчалар учун янги имтиёзлар пакети ишга тушади

4 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш бўйича тақдимот билан танишди. Тақдимотда маълум қилинишича, айни кунларда Ўзбекистонда мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етган. 80 фоизлик мақсадга эришиш учун янги боғча ўринлари зарур, айниқса 39 та туман ва шаҳарда қамров 70 фоиздан паст қолмоқда.

Тақдимотда кадрлар масаласи ҳам асосий муаммо сифатида кўрсатилди. Давлат боғчалари педагогларининг 61 фоизи, хусусий боғчалар ходимларининг эса 76 фоизи ўрта махсус маълумотга эга. Бу эса таълим сифати ва кадрлар тайёрлашни янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.

 

Янги авлод боғчалари

2026–2028 йилларда ҳар бир ҳудудда 120 ўринли давлат боғчалари ва болалар ривожлантириш инновацион марказларини ўз ичига олган «Янги авлод» тармоғи ташкил этилади. Ушбу муассасаларда раҳбар ва тарбиячи-йўриқчи лавозимлари жорий этилиб, педагог ва раҳбарларга ойлик тариф ставкасининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

Шунингдек, бир йиллик тайёрлов гуруҳларини нодавлат таълим ташкилотларига ҳам очишга рухсат берилади. Бу бозорда соғлом рақобатни кучайтириш ва болалар қамровини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Бизнес учун қўллаб-қувватлаш

Қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда (Тошкент шаҳридан ташқари) хусусий боғчаларни қўллаб-қувватлаш учун янги механизмлар жорий этилади.

Жумладан, мактаб ва боғчалар ҳудудидаги бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар ташкил этилганда, ижара тўловлари 30 йилгача ундирилмайди. Шунингдек, ҳар бир тарбияланувчи учун давлат боғчаларида бир болага тўғри келадиган харажатнинг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Ушбу тартиб 2024 йилдан ташкил этилган нодавлат боғчаларга ҳам татбиқ этилади.

150 ўриндан кам бўлмаган хусусий боғчалар учун 5 млрд сўмгача 7 йиллик имтиёзли кредит ажратилади, тарбиячилар маоши 3 йил давомида давлат нормативлари асосида компенсация қилинади. Бундан ташқари, бундай тадбиркорлар 2030 йил 1 январгача ижтимоий солиқ бўйича имтиёзларга эга бўлади.

Мазкур имтиёзлар янги кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватида ташкил этиладиган хусусий боғчаларга ҳам татбиқ этилади.

Teglar

Mavzuga oid