add

«Yangi bank» 171 млрд сўм ортиқ зарарга кирганлиги маълум бўлди

Bugun 20:402 daqiqa

Маълумотларга кўра, зарарнинг асосий қисми 2025 йил ҳисобига тўғри келади.

«Yangi bank» 171 млрд сўм ортиқ зарарга кирганлиги маълум бўлди

«Yangi bank»нинг жами молиявий зарари 171 млрд сўмдан ошган. Бу ҳақда 15 январ куни Марказий банк Банклар пруденсиал назорати департаменти директори Зуфар Абдуллаев журналистлар билан онлайн учрашувда маълум қилди. Унга кўра, йўқотишларнинг катта қисми айнан 2025 йилда шаклланган.

Марказий банкнинг дастлабки ҳисоб-китобларига асосан, 2026 йил 13 январ ҳолатига «Yangi bank» активлари 577,2 млрд сўмни ташкил этган. Банкнинг кредит портфели ҳажми 190 млрд сўмга тенг бўлган. Юқори ликвидли активлар эса 126 млрд сўмни ташкил этиб, шундан 31 млрд сўм Марказий банкда, 14,5 млрд сўм бошқа банкларда жойлаштирилган, 80 млрд сўм эса РЕПО битимлари орқали қимматли қоғозларга тўғри келади.

Активлар таркибида асосий воситалар улуши катта бўлиб, улар 254,7 млрд сўмга баҳоланган. Шу жумладан, банк биноси 155 млрд сўм, номоддий активлар эса 103 млрд сўмни ташкил этади. Бу ҳолат банк активларининг катта қисми ликвидлиги паст бўлган мулкка тўғри келганини кўрсатади.

Банк мажбуриятлари 394 млрд сўмга етган. Аҳолининг омонатлари ва жисмоний шахсларнинг банк карталаридаги маблағлар 279 млрд сўмни, юридик шахсларнинг талаб қилиб олинадиган ва муддатли депозитлари эса 109,3 млрд сўмни ташкил этган.

«Yangi Bank»нинг ўз капитали 182,9 млрд сўмга тушиб кетган, устав капитали эса 355 млрд сўм бўлиб, белгиланган минимал 500 млрд сўм талабига жавоб бермаган. Тақсимланмаган зарар 171 млрд сўмга етган бўлиб, шундан 136 млрд сўм 2025 йил якунига, 1 миллиарди эса жорий йил бошига тўғри келади.

2025 йилнинг январ–сентябр ойларида банк 95,3 млрд сўм зарар кўриб, Ўзбекистондаги энг кўп зарар кўрган банк сифатида қайд этилганди. Охирги чоракда эса зарар ҳажми яна 40 млрд сўмдан ошган. Ана шу омиллар натижасида 15 январ куни Марказий банк «Yangi bank» лицензиясини бекор қилди.

Teglar

Mavzuga oid