Янги Тошкент лойиҳасида «бойлар шаҳарчаси» қуриш кўзда тутилмаган — дирекция
Лойиҳадаги коттежлар хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ва халқаро ташкилотлар вакиллари учун мўлжаллангани маълум қилинди.

Ижтимоий тармоқларда нархи 2–3 млн долларлик виллалардан иборат алоҳида ҳудуд барпо этилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Янги Тошкентни барпо этиш дирекцияси лойиҳа доирасида «бойлар шаҳарчаси» қурилиши режалаштирилмаганини маълум қилди.
Маълум қилинишича, биринчи босқич макетида кўзда тутилган коттежлар хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари учун хизмат турар жойи сифатида мўлжалланган. Дирекция мазкур объектлар хусусий «люкс» ҳудуд эмаслигини таъкидлади.
Қурилишнинг биринчи босқичи
Ҳозирда Янги Тошкент қурилишининг биринчи босқичи амалга оширилмоқда. У 6 минг гектар майдонни қамраб олади ва 2033 йилга қадар 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма яратиш режалаштирилган. Лойиҳа якунида эса шаҳар 2 миллион аҳолига мўлжалланган мегаполисга айланиши кутилмоқда.
2025 йил ҳолатига кўра, янги шаҳарда 100 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Иш майдони 3 миллион квадрат метрга етган, қатор турар жой мажмуалари эса якуний босқичга кирган.
Шунингдек, аукцион орқали сотилган 24 та тижорат лоти бўйича 2 миллиард долларлик инвестиция шартномалари имзоланган. Ушбу маблағлар ҳисобига меҳмонхоналар, ресторанлар, сервис объектлари ва замонавий архитектурага эга бинолар қурилиши режалаштирилган.
Дирекция ёлғон ахборот тарқатиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини эслатди.





