Янги Тошкент шаҳри ҳокимлиги ташкил этилади
Янги ҳокимликнинг бошқарув аппарати жами 14 нафар ходимдан иборат бўлади. Шаҳар ҳокимини президент лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади.
© presidentuzЯнги Тошкент шаҳри учун алоҳида ҳокимлик ташкил этилади. Бу ҳақда Президентнинг 2026-йил 10-ноябрдаги ПФ–243-сон фармонида белгиланди. Ҳужжат 11-ноябрдан кучга кирди.
Янги Тошкент ҳокимлиги бошқарув аппарати 14 нафар ходимдан иборат бўлади. Унинг таркибига ҳокимнинг биринчи ўринбосари ва яна икки ўринбосари, ёрдамчи, ахборот хизмати раҳбари, ташкилий-назорат гуруҳи ҳамда бошқа масъул ходимлар киради.
Шунингдек, шаҳарда давлат органлари ва ташкилотларининг 16 та бўлинмаси ташкил этилади. Уларда жами 30 та штат бирлиги ажратилади. Мазкур штатлар тегишли идораларнинг амалдаги умумий штатлари доирасида шакллантирилади.
Ҳокимлик тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилгунига қадар фаолият юритади. Унинг фаолияти республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
Идоралар бир ойда ташкил этилади
Фармонга мувофиқ, Янги Тошкент ҳокимлиги ва давлат идораларининг ҳудудий бўлинмаларига дирекция томонидан доимий фойдаланиш учун берилган ҳудудларда мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилади. Бу ваколат Тошкент вилояти ва туманларидаги тегишли давлат органлари ваколатига кирадиган масалаларга тааллуқли бўлади.
Ҳокимлик ҳамда давлат идораларининг бўлинмалари вақтинча собиқ «Янги Тошкент» лойиҳаси офиси биносига жойлаштирилади. Бино уларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.
Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бир ой муддатда Янги Тошкентда ўз тузилмаларини ташкил этиш топширилган.
Маъмурий мақом белгиланади
Фармонда Вазирлар Маҳкамасига ҳокимликни ташкил этиш бўйича ташкилий-техник чораларни кўриш вазифаси ҳам юклатилган. Ҳукумат бу ишларни ўн кун ичида амалга ошириши керак.
Шунингдек, уч ой муддатда Янги Тошкентнинг маъмурий-ҳудудий мақоми бўйича таклифлар киритилиши белгиланган.
Ҳокимлик ва давлат идоралари бўлинмаларининг ваколатлари эса тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилгунига қадар амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Янги Тошкентда инвесторлар 20 йилгача солиқдан озод қилиниши ҳақида хабар берилганди.





