Logo

Японияда ҳам кучли зилзила содир бўлди

Япониянинг шимоли-шарқий соҳилларида 7,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Цунами хавфи эълон қилинмаган.

Японияда ҳам кучли зилзила содир бўлди © Reuters

Япониянинг Ивате префектураси Тинч океани соҳиллари яқинида 25 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 07:30 да 7,2 магнитудали зилзила содир бўлди.

Мамлакат Метеорология агентлиги маълумотига кўра, зилзила ўчоғи 44 километр чуқурликда жойлашган. Цунами хавфи эълон қилинмаган. Шу билан бирга, идора аҳолини кейинги бир ҳафта давомида кучли такрорий ер силкинишлари содир бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Зилзила Аомори префектурасидаги Ҳашиками ва Ҳачинохе шаҳарларида 7 даражагача сезилган. Бу даражада одамнинг тик туриши қийинлашади, жиҳозлар силжийди ва буюмлар ағдарилиши мумкин.

Маҳаллий ёнғин хавфсизлиги хизматлари маълум қилишича, камида тўрт киши енгил жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилган. Улар орасида ўсмирлар ҳамда 50 ёшлардаги фуқаролар бор.

Япония бош вазири Санаэ Такаичи ҳукумат зилзиланинг оқибатлари бўйича маълумотларни йиғиш ва вазиятни баҳолаш ишларини давом эттираётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 24 июнь куни кечқурун Венесуэла пойтахти Каракасдан ғарбда 7,2 ва 7,5 магнитудали иккита кучли зилзила кетма-кет содир бўлганлиги ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid