Яқин Шарқда ҳарбий тайёргарлик кучайди: АҚШ ракеталарини мобил ҳолатга ўтказди
Сунъий йўлдош суратлари Қатардаги ал-Удейд базасида «Patriot» ракеталари юк машиналарига ўрнатилганини кўрсатди. Яқин Шарқдаги бошқа базаларда ҳам ҳарбий фаоллик ошган. Мутахассислар бу қарорни Эрон билан эҳтимолий тўқнашув хавфи ортиши билан боғламоқда.

Яқин Шарқдаги энг йирик АҚШ ҳарбий базаси ҳисобланган Қатарнинг ал-Удейд базасида жойлашган АҚШ кучлари январ ойидан бери Эрон билан таранглик кучайгани сабабли ракеталарни юк машиналарига ўрнатилган учириш қурилмаларига жойлаштирган. Бу эса уларни тезроқ кўчириш имконини беради. Бу ҳақда сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига таяниб, «Reuters» хабар берди.
«Patriot» ракеталарини ярим статик учириш майдончаларида эмас, балки мобил юк машиналарида сақлаш қарори, яъни уларни зарба бериш учун тезда жойлаштириш ёки Эрон ҳужуми ҳолатида ҳимоявий тарзда тезда кўчириш мумкинлиги, хавф-хатарлар ошганини кўрсатади.
АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг ядровий ва баллистик ракета дастурлари, Яқин Шарқдаги иттифоқчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаши ҳамда ички мухолифатни бостириши сабабли уни бомбардимон қилиш билан таҳдид қилган, бироқ урушнинг олдини олиш бўйича музокаралар давом этмоқда.
Шунингдек, АҚШнинг Ироқ, Иордания, Қувайт, Саудия Арабистони, Қатар, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Туркия ва Ҳинд океанидаги Диего-Гарсия оролида ҳам базалари мавжуд.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эрон ҳудудига зарба берилган тақдирда, минтақадаги исталган АҚШ базасига жавоб зарбаси беришлари мумкинлигини огоҳлантирган.
«Contested Ground» таҳлил марказининг суд-экспертиза тасвирлари таҳлилчиси Уилям Гудҳинднинг айтишича, феврал бошида олинган сунъий йўлдош суратлари январ ойидаги тасвирлар билан солиштирилганда, минтақада самолётлар ва бошқа ҳарбий техникалар сони ошгани кўринади. Гудҳинднинг таъкидлашича, феврал ойи бошида ал-Удейд базасида «Patriot» ракеталари «M983 Heavy Expanded Mobility Tactical Trucks» (HEMTT) туридаги оғир тактик юк машиналарига ўрнатилган ҳолда тўхтаб тургани кўринган.

(2026 PLANET LABS PBC/Handout, REUTERS)
«Бу қарор Patriot тизимларига анча юқори ҳаракатчанлик беради, яъни уларни бошқа жойга кўчириш ёки тезда қайта жойлаштириш мумкин», – деди у.
Эрон ўтган ёзда Исроил унинг ядровий объектлари ва бошқа айрим ҳарбий нишонларини бомбардимон қилган икки ҳафталик можародан сўнг (кейинчалик АҚШ ҳам қўшилган) ўз ракета захираларини қайта тўлдирганини маълум қилган. Эронда Теҳрон яқинида, шунингдек Кирмоншоҳ, Семнон ва Форс кўрфази соҳиллари яқинида ерости ракета мажмуалари мавжуд.
Эрон денгиз кучларининг «IRIS Shahid Bagheri» дрон ташувчи кемаси 27 январ куни Бандар-Аббосдан тахминан 5 км узоқликдаги денгиз ҳудудида сунъий йўлдош суратларида кўринган. У 10 феврал куни ҳам Бандар-Аббос яқинида кузатилган.
Қуйида сунъий йўлдош тасвирларида қайд этилган АҚШнинг Яқин Шарқдаги базаларидаги ўзгаришлар келтирилган:
Ал-Удейд, Қатар:

(2026 PLANET LABS PBC/Handout, REUTERS)
1 феврал кунги тасвирларда бир дона RC-135 разведка самолёти, учта C-130 Hercules, 18 та KC-135 Stratotanker ва еттита C-17 самолёти кўринган. 17 январ куни эса 14 та Stratotanker ва иккита C-17 мавжуд эди.
10 тагача MIM-104 Patriot ҳаво мудофаа тизими HEMTT машиналарига жойлаштирилган.
Муваффақ, Иордания:

(2026 PLANET LABS PBC/Handout, REUTERS)
2 феврал куни Муваффақдаги бир жой тасвирларида 17 та F-15E зарба самолёти, 8 та A-10 Thunderbolt, тўртта C-130 ва тури аниқланмаган тўртта вертолёт кўринган. 16 январ куниги тасвирлар паст аниқликда бўлгани сабабли барча самолётларни аниқлаш имкони бўлмаган.
2 феврал куниги иккинчи жой тасвирларида бирта C-17, бирта C-130 ва тўртта EA-18G Growler электрон уруш самолёти кузатилган. 25 январ куниги суратларда бу жойда ҳеч қандай самолёт кўринмаган.
Бошқа базалар:

(2026 PLANET LABS PBC/Handout, REUTERS)
Саудия Арабистонидаги «Prince Sultan» базасида 2 феврал куниги тасвирларда бирта C-5 Galaxy ва бирта C-17 самолёти кўринган. 6 декабр куниги суратларда эса C-130га ўхшаш бешта самолёт мавжуд бўлган.

(2026 PLANET LABS PBC/Handout, REUTERS)
6 феврал куниги сунъий йўлдош суратлари Ҳинд океанидаги Диего-Гарсияда 31 январ билан солиштирганда еттитага кўпроқ самолёт борлигини кўрсатган.
25 январ ва 10 феврал кунлари олинган тасвирлар Уммондаги Духан базасида самолётлар сони ошганини кўрсатган.





