Logo

Apple, Google yoki Meta: Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатувчи қайси хорижий компания энг кўп солиқ тўлайди?

Bugun 12:242 daqiqa

2026-йилнинг 9 ойида мамлакатда электрон хизматлар кўрсатувчи 109 та хорижий компания қарийб 20 млн доллар солиқ тўлади.

Apple, Google yoki Meta: Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатувчи қайси хорижий компания энг кўп солиқ тўлайди? © Ijtimoiy tarmoqlar

2026-йилнинг январ-сентябр ойлари давомида Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар томонидан тўланган солиқлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 86,5 фоизга ошди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу даврда солиқ тушумлари 124,8 млрд сўмдан 232,8 млрд сўмгача (қарийб 20 млн доллар) ўсган.

Кучли ўнлик

Хорижий компаниялар орасида «Apple» (54,2 млрд сўм), «Google» (52,6 млрд сўм) ва «Meta» (46,7 млрд сўм) энг йирик солиқ тўловчилар сифатида етакчилик қилмоқда.

Улардан кейинги ўринларни мос равишда:

— «Valve Corp.» (22,8 млрд сўм);

— «Anthropic» (14 млрд сўм);

— «OpenAI» (10 млрд сўм);

— «Midasbuy» (4,8 млрд сўм);

— «Booking.com» (4,2 млрд сўм);

— «TikTok» (2,4 млрд сўм);

— «Anysphere» (2,2 млрд сўм) компаниялари эгаллаган.

Шу билан бирга, мазкур даврда кўрсатилган электрон хизматларнинг умумий қиймати 85,2 фоизга ошиб, 1,04 трлн сўмдан 1,94 трлн сўмга етгани қайд этилди.

Мамлакатда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган хорижий рақамли хизматлар сони ҳам муттасил ўсиб бормоқда. Уларнинг сони 2025-йилнинг 1-январ ҳолатига кўра 63 тани, 2026-йил 1-январ ҳолатига кўра эса 78 тани ташкил этган бўлса, 2026 йил октябрь ойига келиб бу кўрсаткич 109 та компанияга етган. Натижада, бозордаги хорижий компаниялар сони 2025-йил бошига нисбатан 46 тага кўпайган.

photo_2026-11-03_12-25-36

Манба: Солиқ қўмитаси

Маълумот учун, амалдаги қонунчиликка асосан, Ўзбекистон ҳудудида электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий юридик шахслар солиқ ҳисоботларини тақдим этиши ва тегишли солиқларни ўтган чоракдан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай тўлаши шарт.

Teglar

Mavzuga oid