«Яшил» энергия орқали ярим йилда 5 млрд kWh электр ишлаб чиқарди
07.07.2025 | 17:004 daqiqa
Ўзбекистонда 2025 йилнинг олти ойи давомида қуёш ва шамол электр станциялари орқали 5 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу экологик тоза энергия манбалари улуши ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Ўзбекистонда бугунги кунда 10 та вилоятда 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 4 та шамол электр станцияси фаолият юритмоқда. Уларнинг умумий қуввати 4 119 мегаваттни ташкил қилади. Мамлакатда «яшил» энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари босқичма-босқич кенгайиб бормоқда.
Навоий ва Самарқанд вилоятларида тармоққа уланган дастлабки қуёш станциялари 2022 йилда 434 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарган эди. 2024 йилга келиб, республиканинг 7 та вилоятида жойлашган 9 та қуёш ва 1 та шамол станцияси орқали ишлаб чиқарилган энергия миқдори 4 млрд 860 млн kWh га етди.
Жорий йилнинг 10 июн ҳолатига кўра, қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган энергия миқдори 4 млрд kWh га етгани қайд этилган эди. 6 июл кунига келиб, ушбу кўрсаткич 5 млрд kWh га етди. Бу кунига ўртача 26,7 млн kWh энергия ишлаб чиқарилганини англатади.
Бу миқдорнинг 3 млрд 125,4 млн kWhʼи қуёш электр станцияларида, 1 млрд 915,1 млн кВт/соати эса шамол электр станцияларида ишлаб чиқарилган. Натижада 1 млрд 515 млн куб метр табиий газ тежалган ва атмосферага 2 млн 220 минг тоннадан ортиқ зарарли газ чиқиши олди олинган.
Шунингдек, жорий йил бошидан 7 июл соат 08:00 га қадар Ўзбекистондаги барча гидро, қуёш ва шамол станцияларида 8 млрд 736,9 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу республикада жами электр генерациясининг 20,3 фоизини ташкил қилмоқда.
Ушбу натижалар 2 млрд 647 млн метр куб табиий газ тежалишига ва 3 млн 879 минг тоннадан ортиқ зарарли газ чиқишининг олди олинишига ҳисса қўшди. Бу ҳажмдаги электр энергияси 7 млн 280 мингта хонадоннинг ярим йиллик ёки 3 млн 640 мингта хонадоннинг бир йиллик энергия эҳтиёжини қоплайди.





