
Евроиттифоқ Трампга Путиннинг «хуфиёна флот»ини тугатишни таклиф қилди
Европа Иттифоқи Россия нефтига қўйилган нарх чегараси ўрнига «хуфиёна флот» танкерларини хизматлардан маҳрум қилиш режасини АҚШ билан келишишни таклиф этди.

Европа Иттифоқи Россия нефти экспортидан тушаётган даромадларни чеклаш учун янги санкция механизмини муҳокама қилмоқда. Гап нефт нархига қўйилган мавжуд «юқори чегара» ўрнига Россиянинг «хуфиёна флот»и деб аталадиган танкерларига суғурта, портларда хизмат кўрсатиш ва бошқа денгиз логистика хизматларини тўлиқ тақиқлаш ҳақида бормоқда. Бу чора санкцияларнинг 20-пакетига киритилиши режалаштирилган.
Еврокомиссия ушбу ташаббус бўйича «катта еттилик» давлатлари, жумладан АҚШ билан маслаҳатлашувларни бошлаган. Манбаларга кўра, Брюссел бу масалада Вашингтон билан мувофиқ ҳаракат қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда, чунки АҚШ қўшилмаса, таъсир кутилган даражада бўлмаслиги мумкин.
ЕИ расмийлари фикрича, денгиз хизматларига тўлиқ тақиқ жорий этилса, Россия нефтини жаҳон бозорларига чиқариш анча қийинлашади ва Кремлнинг энергетика даромадларига сезиларли зарба берилади.
Хуфиёна флотга зарба
2022 йил охирида жорий этилган нарх чегараси механизми Россия нефти учун баррелига 60 долларлик юқори чегарани белгилаган эди. Бу қоидага кўра, нефт ушбу чегарадан қиммат нархда сотилса, Ғарб компанияларига суғурта ва молиявий хизматлар кўрсатиш тақиқланган.
Бироқ кейинги йилларда Москва ушбу чекловни айланиб ўтиш учун юзлаб эски танкерлардан иборат «хуфиёна флот»ни шакллантирди. Улар кўпинча шаффоф бўлмаган мулк тузилмалари, суғуртасиз рейслар ва учинчи давлатлар орқали ҳаракат қилади.
ЕИдаги таҳлилчилар фикрича, айнан шу флотни хизматлардан узиб қўйиш нарх чегарасидан кўра самаралироқ восита бўлиши мумкин.
АҚШ билан келишув
2025 йилда ЕИ ва бир қатор шерик давлатлар Россия нефти учун юқори нарх чегарасини 44,1 долларгача туширди. Аммо Доналд Трамп маъмурияти бу қарорни қўллаб-қувватламади. Энди Брюссел АҚШни умумий, янада қаттиқроқ санкцияларга жалб қилишга уринмоқда.
Агар АҚШ ҳам қўшилса, суғурта ва порт хизматларининг катта қисми ёпилиб, Россия нефти экспорти учун инфратузилма жиддий издан чиқиши мумкин. Бу эса Москва бюджети учун узоқ муддатли хавфни кучайтиради.





