add

Европа давлатлари Трампнинг «Тинчлик кенгаши»га қўшилишдан бош тортмоқда

Bugun 18:402 daqiqa

Европанинг етакчи давлатлари АҚШ президенти таклиф этган янги глобал тузилма БМТга рақобатчига айланишидан хавотирда.

Европа давлатлари Трампнинг «Тинчлик кенгаши»га қўшилишдан бош тортмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп Давосда ўтаётган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида «Тинчлик кенгаши» номли янги халқаро орган низомини имзолашни режалаштирмоқда. Бироқ Европа Иттифоқининг етакчи давлатлари ушбу ташаббусга қўшилишдан бош тортди. Трамп таклиф қилаётган кенгашга доимий аъзо бўлиш учун давлатлардан 1 млрд доллар тўлов талаб этилади, қарорлар эса амалда унинг қўлида жамланади.

Аввал бу тузилма Ғазо секторини тиклашга қаратилган деб эълон қилинган эди. Аммо ҳозирги низом лойиҳасида на Ғазо, на БМТ тилга олинган. «The Wall Street Journal» нашри маълумотларига кўра, ҳужжатда Трамп раислигидаги «мослашувчан ва самарали халқаро тинчлик органи» ҳақида гап кетади.

«Диктаторлардан нарироқ»

Манбаларга кўра, низомни имзолаш маросими пайшанба куни Давосда ўтказилиши керак эди. Аммо Франция бу таклифни дарҳол рад этди. Президент Эммануэл Макрон атрофидаги манбалар «Bloomberg»га Трамп ташаббуси Франция ташқи сиёсатига таъсир ўтказиши ва БМТ позицияларини заифлаштиришини айтган.

Шунингдек, Буюк Британия, Германия, Нидерландия, Швеция ва Канада ҳам имзолаш маросимида қатнашмаслик ниятида. Европа етакчилари диктаторлар, жумладан Владимир Путин ва Александр Лукашенко билан бир тузилмада «тинчлик масалаларини ҳал қилиш»ни қабул қила олмасликларини яширмаяпти.

Исроил ҳам қарши

Ташаббусга қарши чиққанлар орасида Исроил ҳам бор. Бош вазир Бинямин Нетаняҳу Ғазо бўйича алоҳида қўмита таркиби Исроил сиёсатига зид эканини очиқ айтди. Айни пайтда Италия бош вазири Жоржиа Мелони ўзини воситачи сифатида кўрсатиб, иштирокка очиқ эканини билдирган.

Европалик расмийлар норасмий суҳбатларда бу ташаббусни Трампнинг БМТга рақобатчи ёки унинг ўрнини босувчи тузилма яратиш уриниши, деб баҳоламоқда. Уставда қарор қабул қилишда охирги сўз АҚШ президентига тегишли экани ва 1 млрд долларлик аъзолик тўловлари қаерга йўналтирилиши ноаниқ қолмоқда. Манбаларга кўра, Хитой ҳам таклиф олган, аммо расмий жавоб бермаган.

Teglar

Mavzuga oid